Аслида бундай чекловлар сўнгги кунлардаги «катта сакраш» олдидан ҳам айрим банклар (жумладан «Туркистон» банк) томонидан қўлланган, лекин бунга айтарли эътибор берилмаганди. 14 апрель куни АҚШ доллари курси бир сутка ичида 400 сўмдан ортиқроқ кўтарилганидан кейин, яъни 15 апрелдан бошлаб бу усул деярли барча банклар томонидан қўллана бошланди.

Бугун, 16 апрель куни вазиятга аниқлик киритиш учун Чилонзор туманидаги қатор банкларда бўлдик.

Соат 14:00 – «Туронбанк»: доллар харид қилувчилар 6-7 киши, ҳамма навбат олиб ташқарида турибди, аммо ҳеч ким ичкарига чақирилмаяпти. Ичкаридан чиққан ходим доллар сотиш истагида бўлганлар навбатсиз ўтказиб юборилишини, айнан улар банкка топширган валюта харид қилиш истагида турганларга сотилишини билдирди. 25-30 дақиқа кутиш натижа бермади ва ҳеч ким келиб доллар сотмади (табиийки ҳеч ким бу вақт оралиғида харид ҳам қилмади);

Соат (тахминан) 14:30 – «Даврбанк»: навбат деярли йўқ, лекин турганларнинг бирортаси сотмаяпти, ҳамма харид қиляпти. Карантин қоидаларига тўла риоя қилиб, бошдан-оёқ оппоқ махсус кийимга ўралиб олган кассир фақат 200 доллар сотилишини билдирди. Ҳолатни пул кам берилгани, барча хоҳловчиларга етказиш кераклиги билан изоҳлади;

Соат (тахминан) 14:40 – «Ипак йўли» банки: навбат бор, аммо жуда тез етиб келди. Киришда милиционерлар исм-шариф ва манзилни қайд этишмоқда. Бу ердаги кассир қиз ҳам «карантин формаси»да. 150 АҚШ доллари сўралганда фақат 100 доллар сота олишини, пул тақчиллиги туфайли тез орада шу ҳам бўлмай қолиши мумкинлигини билдирди. Яна 50 долларгина сота қолиш бўйича илтимосларга рад жавобини берди ва «қолганини «Даврбанк»дан олинг, ана, ёнимизда» дея жўяли маслаҳат берди;

Соат (тахминан) 14:55 – «Саноатқурилиш» банки: навбат бор, кўпчилик кўп миқдорда сўм кўтариб олишган. Ичкаридан чиққан милиционер 2000 долларгача сотиб олиш мумкинлигини билдирди. Топшириладиган нақд пуллар бир хилда тахланиши талаб қилинмоқда. Навбатда турганлар истаганча харид қилишди, аммо ўтган 30-40 дақиқа давомида бирор киши сотиш учун келмади. Мижозлардан бири «Халқ банки»нинг Чилонзор-1 кварталидаги бўлимига борганини, аммо у ерда ҳам катта навбат борлиги, кўпи билан 300 доллар сотилаётганини айтди.