Олим «Pourquoi docteur» интернет сайтига берган интервьюсида Covid-19’нинг ҳайвон бозоридан тарқалганига ишонмаслигини маълум қилди. 

Люк Монтанье / STEPHANE DE SAKUTIN / AFP

«Covid-19 Уҳандаги лабораториядан ишлаб чиқарилган. Мен бу масалани синчиклаб текширдим. Ушбу лаборатория 2000-йилларда коронавирусга ихтисослашган. Эҳтимол, тадқиқотчилар ОИТСга қарши вакцинани топмоқчи бўлишгандир. Ушбу вирус табиий равишда юзага келмаган, бу профессионал иш. Менинг вазифам – фактларни тақдим этиш, ҳеч кимни айбламайман, буни ким ва нима учун амалга оширганини билмайман», деган Монтанье.

Монтанье франциялик математик Жан-Клод Перезнинг илмий тадқиқот натижаларидаги вирус тузилишига таянган ҳолда шундай фикр билдирган.

Бундан аввалроқ вирус АҚШ Соғлиқни сақлаш институтлари томонидан молиялаштирилган экспериментлардан сўнг пайдо бўлгани иддао қилинганди.

Американинг CNN телеканали хабарига кўра, АҚШ разведкаси коронавируснинг Уҳандаги вирусология лабораториясида ишлаб чиқарилгани ҳақидаги айбловларни текширмоқда.

Яқинда Британиянинг Daily Mail газетаси, эпидемия вужудга келган деб тахмин қилинаётган лабораторияда олимлар эпидемиянинг манбайи, деб ҳисоблаган бир ғорда кўршапалаклар устида тадқиқот ўтказганини ёзганди. Олинган ҳужжатлардан маълум бўлдики, Уҳан вирусология институти Юньнань провинциясидан 1600 километр узоқликда жойлашган ғорларда сутэмизувчилар устида тажриба ўтказган. Тажрибалар эса АҚШ ҳукумати томонидан 3,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағи кўмагида амалга оширилган.

Газетада ўтган ҳафта ушбу маълумотлар эълон қилингач, эпидемия мазкур институтдан сизган вирус орқали келиб чиққани ҳақидаги хавотирлар пайдо бўлди.

Узоқ вақтдан бери фитна назарияларининг мавзуси бўлиб келган ушбу даъво Washington Post газетаси томонидан эълон қилинган маълумот билан яна кун тартибига чиқди. Газета Уҳан вирусология институти лабораториясига ташриф буюрган элчихонанинг икки ходими 2018 йил январь ойида ташқи ишлар вазирлигини лабораториянинг хавфсизлик чоралари яхши эмаслиги ва бу ерда олиб борилган ишлар SARS (ўткир нафас олиш синдроми) тарқалишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Таъкидланишича, АҚШнинг технологик ва молиявий кўмаги билан ташкил этилган лаборатория сайтидан америкалик расмийларнинг ташрифи ҳақидаги янгилик олиб ташланган. Айтиш жоизки, ушбу лаборатория эпидемиянинг бошланғич нуқтаси деб билинган ёввойи ҳайвонлар бозоридан бир неча километр узоқликда жойлашган.