Жаҳон | 08:05 / 23.04.2020
9102
3 дақиқада ўқилади

Space X яна 60та Starlink сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди. Уларнинг сони 420тага етди

Фото: Space X

Space X фазовий компаниясига тегишли Falcon 9 ракета-ташувчиси янги интернет тармоғини шакллантирувчи Starlink сунъий йўлдошларининг навбатдаги партиясини орбитага олиб чиқди. Бу ҳақда Space X расмий саҳифаларида маълум қилинди.

Худди 18 мартда бўлгани каби бу гал ҳам 60та мини суний йўлдош орбитага олиб чиқилган. Space X муассислигидаги Starlink интернет тармоғи учун мўлжалланган бундай сунъий йўлдошлар сони орбитада 420тага етди. Уларнинг барчасини дунёнинг энг йирик космик компаниясига айланган Space X коинотга олиб чиққан.

Тошкент вақти билан 22 апрелга ўтар кечаси 00:30да ракета парвозини бошлади ва 15 дақиқа ўтиб 60та сунъий йўлдош Ердан 212-386 км баландликда жойлаштирилди. Space X инженерларининг назоратидан сўнг ҳар бири 260 кг келадиган сунъий йўлдошлар ўзида ўрнатилган ионли двигателлар ёрдамида 550 км баландликка кўтарилади.

Маълумот учун, Space X умумий ҳисобда еттинчи марта ушбу турдаги муваффақиятли парвозни амалга оширди ва натижада 420та сунъий йўлдош коинотга олиб чиқилди. Бу галги парвоздан 30 дақиқа ўтиб Falcon 9 ракета-ташувчиси одатдагидек Атлантика океанида жойлашган «Of Course I Still Love You» (таржимаси «Албатта, мен ҳамон сени севаман») номли сузувчи платформада муваффақиятли қўнишни амалга оширган.

Шу ўринда Falcon 9 кўп марта фойдаланилган илк ракета-ташувчи эканини таъкидлаш керак. У тўртинчи марта орбитага парвозни амалга оширди.

Space X бундай сунъий йўлдошларнинг камида 12 минг (кўпи билан 30 минг) донасини коинотга олиб чиқишни ва бу орқали Starlink арзон интернет тармоғини тузишни режалаштирган. Агар бу иш амалга ошса, Starlink бутун Ер аҳолисига кенг полосали, сифатли ва арзон интернетдан фойдаланиш имконини беради.

10 миллиард долларга баҳоланаётган бу лойиҳа 2020 йилдаёқ Шимолий Американи интернет билан таъминлашни бошлаши мумкин. 2021 йилда эса лойиҳа бутун дунёни қамраб олиши мақсад қилинган. Space X хўжайини Илон Маскнинг айтишича, яна камида 60 та сунъий йўлдош ортилган олтита муваффақиятли парвозни амалга оширгандан сўнг таъминотни бошлаш ҳақида ўйлаш мумкин.

Falcon 9 парвозининг тўлиқ тафсилотини ушбу видеода кўришингиз мумкин.

Мавзуга оид