Kun.uz пандемия ва инқироз даврида давлат ташқи қарзи динамикаси ҳамда бюджет масалалари бўйича молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан суҳбат уюштирди.
– Рамазон ойи бошланди, сизни мана шу қутлуғ ой билан муборакбод этамиз.
– Сизларга ҳам, сиз орқали кўрсатув мухлисларига ҳам Рамазон муборак, деб қоламан.
– Барчамизга маълумки, ташқи қарз икки хил бўлади: давлатнинг ташқи қарзлари ва хусусий ташқи қарзимиз бўлади. Бугунги кунда давлат ташқи қарзи бирмунча ўсган: 2020 йилни бошига нисбатан ҳисоблайдиган бўлсак, ташқи қарз ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизи ҳажмига тенг. Мана шу ўсишлар ниманинг ҳисобига бўлмоқда ва келгусида давлат ташқи қарзининг ўсиши қайси омилларга кўра кутилмоқда?
– Жудаям яхши ва долзарб савол, Алишер. Мени назаримда бу ҳақда олдин ҳам кўп гапирилган. Авваламбор, давлат ташқи қарзи ўсиш омиллари ҳақда тўхталиб ўтсак. Мана, молия вазирлиги томонидан мунтазам равишда давлат ташқи қарзининг ҳолати ҳақда ҳисоботлар тақдим этилиб бормоқда. Куни кеча давлат қарзининг 2019 йилги ҳолати тўғрисида шарҳ чоп этилди. Бу ҳозир молия вазирлигининг веб саҳифасида ҳам бор ва телеграмм саҳифаларда ҳам бор.
1 январь ҳолатига кўра, давлатнинг ташқи қарзи 15,6 миллиард долларни ташкил қилади. Бу қарз нафақат давлатнинг тўғридан тўғри олаётган қарзи, балки, шу билан бирга давлат томонидан ташқи қарз учун берилаётган кафолатларни ҳам ўз ичига олади.
Энди, бу қарзнинг ўсиш сабаблари нималардан иборат? Мана Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, модернизация, янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, янгидан янги инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш туфайли ҳозирги кунда мана шу лойиҳаларнинг асосий қисми давлат ташқи қарзи орқали молиялаштириляпти.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу вақтгача олинган давлат қарзининг 29 фоизи энергетика соҳасига кетган, бу 4,5 миллард АҚШ долларини ташкил қилади.
Иккинчиси, транспорт ва транспорт инфратузилмасини яхшилашга кетган, яъни 2,1 миллиард АҚШ доллари, кейингиси қишлоқ хўжалиги соҳаларига 1,9 миллард АҚШ доллар йўналтирилган. Яна агар рўйхатни давом эттирадиган бўлсак, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатишга 1,8 миллард АШҚ доллари шу вақтгача сарфланди. Бу нима? Бу асосан, сув, ичимлик суви, канализация, чекка чекка қишлоқ жойлардаги ҳудудларда аҳволни яхшилаш, турмуш тарзини яхшилаш каби лойиҳаларга кредитлар олиняпти.

















