Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб даврида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобилда халқаро юк ташувларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби белгиланди – дейилади Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.
Юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати алоҳида белгиланган Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорида қайд этилди.
Унга кўра, алоҳида топшириқ бўлгунга қадар юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати фақатгина қуйидаги Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши белгиланди:
- Афғонистон Ислом Республикаси билан – “Термиз”;
- Туркманистон Республикаси билан – “Олот”;
- Тожикистон Республикаси билан – “Саросиё”, “Ойбек” ва “Плотина”;
- Қирғизистон Республикаси билан – “Дўстлик”, “Ўзбекистон”, “Водил”, “Чашма” ва “Оқ қия”;
- Қозоғистон Республикаси билан – “Даут-ата”, “Гулистон”, “Яллама”, “Зангиота” ва “Тошкент”.
Чегара ўтказиш пунктларида фаолият олиб борувчи божхона ходими томонидан кириб келаётган хорижий юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига уларнинг ҳаракатланиши, тўхтаб туриши (автотураргоҳ, техник ва маиший хизмат кўрсатиш ва х.к.), озиқ-овқатларни харид қилиш мумкин бўлган жойлари кўрсатилган йўналишлар чизмаси тақдим этилади.
2020 йил 30 апрелдан республика ҳудудига кириб келаётган барча юк автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига энг яқин жойларда ташкил этилган махсус автотураргоҳларга йўналтирилади ва ўша ерда ҳайдовчиларидан коронавирус инфекциясига тест олинади.
Тест натижалари эълон қилингунга қадар автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари махсус автотураргоҳларда бўладилар.
Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланмаган тақдирда ҳаракатни тасдиқланган йўналиш чизмаси асосида давом эттиришга рухсат берилади.
Бунда, халқаро ташувларни амалга ошираётган ҳайдовчилар фақатгина махсус комбинезон, бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплардан фойдаланган тақдирдагина ҳаракатни давом эттириши мумкин.


















