Жамият | 17:16 / 02.05.2020
18359
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёликларга ёрдам бераётган кўнгилли гуруҳлар кўпаймоқда

Хусусан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти, Islom.uz портали, Muslimaat.uz ҳамда Grand ta’lim НТМ жамоаси, Сардор Раҳимхон бошлиқ кўнгиллилар гуруҳлари сирдарёлик юртдошларимизга ёрдам карвони юборилишини эълон қилдилар.

Фото: KUN.UZ

“Азизлар, кеча тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, минглаб юртдошларимиз бошпанасиз қолди. Уларга имкон қадар тезроқ ёрдам бериш, бу оғир синовда елкадош бўлиш – диндош, миллатдош, юртдош сифатидаги инсоний бурчимиз.

Азизлар, илтимос, сирдарёликларнинг бошига келган бу офатни ўз бошимизга тушгандек ҳис қилиб, каттаю кичик ҳар қандай ёрдам бўлса, дарҳол юборайлик!

Ёрдам беришга ҳисса қўшмоқчи бўлганлар Click ёки PayMe орқали қуйидаги пластик карта рақамига маблағ ўтказишлари мумкин: 8600 3329 4846 7836 (Ихлосиддин Урманов номида). 

Нақд пулдаги хайрия маблағларини ҳам қабул қиламиз. 

Хайрия штаби манзили: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Сўгалли ота кўчаси, 5-уй. Телефон: +998 93 397 0012”

Юқоридаги гуруҳлар фаолияти билан танишиш мақсадида координаторлардан бири, Grand ta’lim НТМ ходими Шаҳноза опа билан боғландик:

– Халқимиздан миннатдорман, шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Карантин туфайли кўпчиликнинг иши тўхтаб қолганлигига қарамай қўнғироқлар тинмаяпти, атаганларини олиб келаётганларни тушириб олишга йигитларимиз улгуришмаяпти. Кимдир қоплаб ун, шакар каби маҳсулотлар олиб келса, яна кимдир уйидаги гиламидан тортиб кийимларигача кўтариб келишяпти. “Имконимиз қисқароқ эди, ёпилган банкаларим, яхши идишларим бор, шуларни бериб юборяпман.. ”, ёки “Пулим йўқ эди, бориб хизматим билан ёрдам берсам майлими?” – деб қилинган қўнғироқларни эшитиб қандай қилиб кўзимиз ёшланмасин?

Ёрдам бериш истагини билдирганлар жуда кўплиги учун ҳозирча фақат маҳсулотларни тўплаяпмиз, Худо хоҳласа бир-икки кун ичида омонатларни ўз манзилига етказиб берамиз – деди Шаҳноза опа.

Шунингдек Сардор Раҳимхон бошчилигидаги яна бир кўнгиллилар гуруҳи ҳам айни шу йўналишда ишлашмоқда. “Сирдарё вилоятига инсонпарварлик ёрдами жўнатамиз, имкони борлар боғланишсин: +99890-908-44-46 / Uzcard, Click, Payme 8600 3104 0422 0113” дейилган эълон ижтимоий тармоқлар орқали тарқалмоқда. Бу гуруҳ дастлабки карвонни манзил сари жўнатишга ҳам улгурган.

1 май куни пойтахтдаги кўнгиллилар томонидан “Сирдарёликлар ёрдам” гуруҳи ҳам сув тошқинидан жабр кўрганларга ёрдам акцияси ташкил қилган эди. 2 май куни йўлга чиқиши керак бўлган карвонда ёрдам бериш истагини билдирганлар жуда кўпайиб кетганлиги боис Тошкент шаҳри ҳокимлиги таклифи кўра ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш мақсадида маҳсулотлар махсус юк машиналарида, кўнгиллиларнинг вакиллари эса махсус автобусда Сирдарёга жўнаб кетишди. 

Кимдир бу акцияга қўшилиш ниятида бўлса, +998909999960 рақами орқали ташкилотчилар билан боғланишлари ёки 8600112982868846 рақамли пластик картага маблағ тушириб беришлари мумкин.

Мавзуга оид