Жамият | 17:11 / 03.05.2020
36471
3 дақиқада ўқилади

«Одамлар ёппасига кўчиб кетаётгани саросимага солиб қўйганди» – Янгийўлга келиб қолган сирдарёликлар билан суҳбат

Сардоба сув омборидаги фалокат оқибатида 70 мингдан ортиқ инсон уйларидан кўчирилди. Кўпчилик оммавий равишда эвакуация қилинган бўлса, баъзи хонадон соҳиблари ўз имкониятларидан келиб чиқиб жонларини сақлаш чораларини кўрди.

Kun.uz мухбири фалокатдан хавфсираб, уйларини тарк этган ва Янгийўл туманига келиб қолган оила аъзолари билан учрашди.

Суҳбатдошларимиз – Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Наврўз шаҳарчаси фуқаролари ҳисобланади. 15 кишидан иборат 4та оила аъзолари 1 май куни фалокатдан хабар топгач, Тошкент томонга йўлга чиқишган.

Улар ҳозирда Янгийўл тумани Ислоҳот маҳалласи раисининг уйида вақтинча истиқомат қилмоқда.

«1 май куни эрталаб соат 8ларда тумандаги бозорчага борган эдим. Борсам, шов-шув. Йўлда кўплаб юк машиналарида одам ташиляпти. Тинчликми, десам, сув омбори ёрилиб кетди, сув келяпти, дейишди.

Қариндош-уруғимга телефон қилиб, Damas автомобилимда Тошкент тарафга келавердик. Уйдан фақат ҳужжатларимизни олиб олдик», – дейди сирдарёлик суҳбатдошларимиздан бири.

«Эрталаб мен ҳам ишга боргандим, ишхонадагилар айтиб қолишди. Ёлғиз қизим билан яшайман, ундан хавотир олиб уйга қайтиб келсам, «дом»дагилар орасида саросима. «Тошкент тараф – тепароқ, шу ёққа юриш керак», дейишди.

Одамларни кўриб, саросимага тушиб қолдим. Қўрққанимдан қизимни олдим-да, уйдан ҳужжатлар ва кийимларни олиб, эшикни қулфлаб чиқиб, [Damas ҳайдовчиси] жиянимнинг олдига келдим. Қочаётган одамларни кўриб, қўрққанимиздан Тошкент тараф тепа, деб шу томонга келавердик», – дейди аёллардан бири.

Унинг айтишича, одамларнинг оммавий кўчиб кетаётганини кўриб, қаттиқ саросимага тушиши натижасида қон босими ошган, қон босимини меъёрига тушириш учун укол олишига тўғри келган.

Суҳбат давомида сирдарёлик ҳамюртларимиз яхшиларнинг кўмаги билан аввал чойхонага, сўнг Янгийўлдаги Ислоҳот маҳалласи раисининг уйига жойлашгани ҳақида сўзлаб беришди. Сирдарёлик оила вакилларининг сўзларига кўра, бу ерда уларнинг яшашлари учун туман ҳокимлиги томонидан зарурий шароитлар яратиб берилган.

Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашевнинг Kun.uz мухбирига айтишича, мусофирлар барча маҳсулотлар, ҳатто, ёш болалар учун бўтқа ва тагликлар билан ҳам таъминланмоқда. Воқеадан хабар топган саховатпеша фуқароларнинг хайр-эҳсонлари етказиб берилмоқда.

Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашев

«Туман ҳокимлиги қошида «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этганмиз. Маблағлар, озиқ-овқатлар етарли. Меҳмонларга ҳам озиқ-овқат, ҳам моддий маблағ томондан кўмак кўрсатилди», – дейди Улуғбек Ялгашев.

Туман ҳокимининг сўзларига кўра, туман «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 30 млн сўмдан ортиқ қийматдаги озиқ-овқат маҳсулотлари Сирдарё вилоятига жўнатилган.

Ялгашевга кўра, Янгийўлга Мирзаобод тумани фуқаролари келганидан вилоят ҳокими Рустам Холматов ҳам хабардор ва улар билан боғлиқ вазиятни назоратига олган.

Мавзуга оид