Экополиция ходимлари 19 майдан 22 июлга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида назорат рейдларини ўтказди.
Рейдлар давомида асосий эътибор қурилиш чиқиндиларини белгиланган жойлардан ташқарига ноқонуний ташиш ва ташлаш, шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатларини аниқлашга қаратилди.
Тадбирлар давомида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Зангиота ва Қибрай туманлари, шунингдек, пойтахтнинг Янгиҳаёт, Юнусобод ва Сергели туманларида экологик қонунчилик талабларининг кўплаб бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Фуқаролар қурилиш чиқиндиларини транспорт воситалари ёрдамида белгиланмаган жойларга ташлаб келгани маълум бўлди.
Рейдлар якунларига кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан 48 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Уларга нисбатан жами 316,3 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.
Бундан ташқари, рейдлар давомида бир йил ичида чиқиндиларни ноқонуний ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни такроран содир этган ҳайдовчи ҳам аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш учун тайёрланмоқда.











