Ўтинни тутатиш орқали кўмирсимон ёнилғига айлантирувчи шахслар атмосферага заҳарли тутун чиқариб келгани аниқланган. Шу сабаб бу қурилмалар яроқсиз ҳолатга келтирилиб, фаолияти тўхтатилди. “Банкдан 400 млн сўм кредит олиб 2 ой олдин [шу ишни] бошлаганман. Энди бу ёғи нима бўлади, билмайман”, – дейди фаолият эгаси Худойберди Бекмуродов.

Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Саид ота маҳалласида ишлаб келган фуқаролар ўтинни махсус цистерна бочкаларида ёқиш орқали писта кўмир ишлаб чиқаради.

Туман экология бўлими бошлиғи Нурғали Омоновнинг таъкидлашича, асосан кечаси ишловчи бу бочкалар сабаб атмосфера ҳавоси яхшигина зарарланиб келади.

Дарахт тўнкаларидан кўмир ясайдиган корхона фаолиятини аниқладик, унинг атмосфера ҳавосига зарар етказётгани маълум бўлиб, тегишли тартибда ҳужжатлари сўралганда тақдим қилолмади. Бунга нисбатан ҳозирда суриштирув ишлари олиб бориляпти, маъмурий баённома расмийлаштирилади, тегишли тартибда чоралар кўрилади. Бу фаолият давом этишига қарши эмасмиз, фақат экологик норматив-ҳужжатларни олиб, иш фаолиятини ўз меъёрида, атмосфера ҳавосига зарарли ташланмаларни ушлаб қоладиган филтрларни ўрнатган ҳолда давом эттирса бўлади. Атмосфера ҳавосига чиқадиган филтрларни ўрнатмагани сабабли корхона фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.

Цистерна қилинган бочкаларни тумандаги ташкилотлар келиб, кесиш жараёнлари олиб бориляпти, яроқсиз ҳолатга келтириляпти. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида керакли ҳужжатлар, патентни олиб, солиқдан ҳужжатларни расмийлаштирганидан сўнг иш фаолиятини давом эттирса бўлади”, – деди расмий.

Унинг қўшимча қилишича, фаолият эгаси тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган, ҳокимият балансидаги ерда ноқонуний ишлагани сабаб унинг мол-мулки яроқсиз ҳолатга келтириладиган бўлган.

Фаолият эгаси Худойберди Бекмуродов эса бу борада бошдан огоҳлантириш берилмаганини, ҳужжатлари ҳақиқатан ҳам мавжуд эмаслигини айтди.

Кеча кечаси экологиядан келишган. “Ҳавога зарар” дейишди, қилаётган ишим ноқонуний экан. Менинг ҳужжатларим ҳали тайёр бўлмаган. Тайёр бўлиб қолар, ишни бошлайверай деб бошлагандим. Мана, келиб, [мулкимни бузиб] бўлиб ташлашяпти, [агар] халққа зарарим тегаётган бўлса, кечирим сўрайман.

Лекин бу 24 соат тинмай ишлаб турадиган нарса эмас. Банкдан 400 млн сўм кредит олиб [шу ишни] бошлаганман. Иш бошлаганимга 2 ой бўлди. Энди бу ёғи нима бўлади, билмайман. Ҳамма нарсани бўлишяпти, бошқа қилишяпти, тушунмадим лекин. Фермерликдан келганман, шу ерни гаплашиб, кейин бошлаганман. Фермерга пул тўлайман.