Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан қутлов йўллаган давлат ва ҳукумат бошлиқлари, хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда барча ватандошларга чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Президент ушбу табрик ва тилакларни Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси, Янги Ўзбекистоннинг дунё миқёсида ортиб бораётган обрў-эътибори ва нуфузининг эътирофи сифатида қабул қилишини билдирди.

“Фурсатдан фойдаланиб, бағрикенг ва олийжаноб халқимизга яна бир бор чин дилдан ўзимнинг чексиз меҳрим ва ҳурматимни билдираман.

Жонажон Ватанимизда эркин ва фаровон, обод ҳаёт қуришга қаратилган ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, уларда фаол иштирок этаётган кўпмиллатли халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан олдимизга қўйган юксак ва шарафли мақсадларга албатта эришамиз, деб ишонаман”, дейилади президентнинг миннатдорлик мактубида.

Шавкат Мирзиёев 24 июл куни 69 ёшга тўлди. Ўзбекистон президентини қатор хорижий давлатлар, ҳукуматлар, парламентлар, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар раҳбарлари, жамоат арбоблари қутладилар.