– Пандемия даврида бутун дунё бошқа тартиб ва қоидалар билан яшашга мажбур бўлди. Хусусан, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва банк фаолияти ҳам бундан мустасно эмас. Айни пайтда сизнинг раҳбарлигингизда «Асака» банкида ишлар қандай ташкил этган?
– Шубҳасиз, биз биринчи навбатда карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда ишларни ташкиллаштирмоқдамиз. Ходимлар асосан масофадан туриб ишлаяпти. Банкда бўлиши зарур бўлган фронт-офис ходимлари эса махсус кийим ва индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланган. Бош офис ва Банкнинг барча филиалларида барча хоналар, шунингдек, транспорт воситалари ҳам мунтазам дезинфекция қилиняпти. Кассага келиб тушган нақд пулларга кимёвий ишлов берилгач, сақлаш учун омборга туширилмоқда.
Бундан ташқари, таътилга чиқишига тўғри келган ходимларимизни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ. Улар учун онлайн тренинглар ва банк соҳаси қонунчилиги, ички корпоратив маданият ва одоб, хизмат кўрсатиш стандартлари, бугунги кун билан боғлиқ бўлган кўплаб долзарб масалаларни кенг қамраб олган вебинарлар ташкиллаштирилмоқда. Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, Банкимиз мижозлари, умуман Ўзбекистон аҳолисига онлайн хизматларимиздан фойдаланишни тавсия қиляпмиз.
Бунинг учун барча шароитлар яратилган. Asaka mobile, Asaka business, My Asaka web мобил иловаларимиз ёрдамида банкимиз мижозлари уйдан чиқмай туриб осонлик билан турли тўловларни амалга ошириши, халқаро пул ўтказмаларини олиш, омонат ёки овердрафтни расмийлаштириш, пластик карталарини бошқаришлари мумкин. Шунинг билан бирга, Асака банкининг Алоқа маркази кучайтирилган тартибда ишламоқда. Мутахассисларимиз куну-тун мижозларнинг турли саволларига жавоб бериб, ҳар бир масалани ҳал этишга тайёр туришибди.
Бундан ташқари, Банк Телеграм-чати фаолияти йўлга қўйилган. Агар банкка келиш эҳтиёжи туғилган тақдирда ҳам барча ҳавфсизлик чоралар кўрилган. Биз учун ҳар бир мижозимизнинг соғлиғи ўта муҳим.
– Коронавирус туфайли юзага келган қийин вазиятда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ҳам молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу билан бирга, айрим шахсларнинг тўлов мажбуриятлари сақланмоқда. «Асака» банк мижозлари учун бу шароитда қандай енгилликлар тақдим этилди?
– Мижозлар қийин вазиятда қолишининг олдини олиш мақсадида кредит таътиллари эълон қилдик. Бунинг учун банкка келиш шарт эмас. Ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимиз орқали мижозларимиз, жисмоний ёки юридик шахс бўлишидан қатъий назар истаган хизмат туридан масофадан туриб фойдаланиши мумкинлигини эслатиб ўтяпмиз. Бунинг учун юқорида айтиб ўтганимиздек, Asaka mobile, Asaka business, My Asaka web иловаларимиз бор.


















