Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) хабарига кўра, 2030 йилги XXI Осиё ўйинлари мезбонлиги учун фақат 2та шаҳар ариза топширди. 22 апрель ҳужжат топширишнинг охирги санаси эди ва бу вақтга қадар фақат Доҳа ва Ар-Риёддан ариза келиб тушди.
Қайд қилиш жоизки, Доҳа 2006 йили XV Осиё ўйинларини қабул қилган эди. Саудия Арабистони эса ҳали бу даражадаги нуфузли мусобақани ўтказмаган.
2030 йилги XXI Осиё ўйинлари мезбони ҳақидаги қарор 2020 йил 29 ноябрь куни Хитойнинг Санья шаҳрида ўтказиладиган ООК бош ассамблеясида қабул қилинади.
Қайд қилиш жоиз, 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ҳам даъвогарлик қилиши режалаштирилган эди.
Бу ҳақда илк марта 2018 йил сентябрь ойида маълум бўлган, президент Шавкат Мирзиёев мамлакат спорти мутасаддилари ва ҳукумат раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда шу тўғрида топшириқ берганди.
Кейинроқ, 2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон президенти парламентга мурожаатида ушбу масалага яна тўхталиб ўтди:
«Келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича ҳаракатларни бошлашимиз керак. Албатта, бу катта марра. Лекин биз бу маррага қодир эканлигимизни кўрсатсак, тўғри бўлар эди. Биз шунга муносибмиз десак, бу ҳам тўғри. Бу борада 3 ой муддат ичида тегишли чораларни ишлаб чиқилади», – деди президент.
2019 йил 24 февраль куни ООК президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ бошчилигида делегация Тошкентга ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар билан икки кун давомида ўтказилган учрашувларда Ўзбекистоннинг 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокараларда Миллий олимпия қўмитасининг ўша пайтдаги президенти Умид Аҳмаджонов ООК раҳбарига Ўзбекистон 2030 йилги мусобақани қабул қилиш бўйича ариза йўллаганини маълум қилган эди.















