Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларидан бирини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмаган, амалий чоралар кўрилмаган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати маълумотига кўра, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 11та банди ўз вақтида бажарилмаган, улар орасида 194-банд – Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам бор.

Давлат дастурида ушбу вазифа 2019 йил 1 апрелига қадар бажарилиши белгиланган эди. Ижро учун масъуллар сифатида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги кўрсатиб ўтилган. Ушбу ташкилотлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши, унда ёзги Осиё ўйинларидан бирини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим эди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматидан Kun.uz`га маълум қилишларича, қўмита чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиққан бўлиб, у барча вазирлик ва идоралар тасдиғидан ўтказилган ва фармойиш билан март ойида Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон Осиё ўйинларига мезбонлик қилишни режалаштираётгани илк марта 2018 йил сентябрь ойида маълум бўлган, Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат спорти мутасаддилари ва ҳукумат раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда шу тўғрида топшириқ берганди.

Кейинроқ, декабрь ойида Ўзбекистон Президенти парламентга мурожаатномасида ушбу масалага ҳам тўхталиб ўтди:

«Келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича ҳаракатларни бошлашимиз керак.

Албатта, бу катта марра. Лекин биз бу маррага қодир эканлигимизни кўрсатсак, тўғри бўлар эди. Биз шунга муносибмиз десак, бу ҳам тўғри.

Бу борада 3 ой муддат ичида тегишли чораларни ишлаб чиқилади», –