Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг фаолиятини сифатли ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.
Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрлар 2020 йил 1 июлдан бошлаб давлат божи ундирилмасдан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказилади.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улардаги таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга доир қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширади:
а) ўз биносига эга бўлмаган даврий босма нашрлар таҳририятларини 2020 йил 1 ноябрь кунидан бошлаб уч йил муддатга, муассис балансидаги биноларга ижара тўловисиз ёки давлат кўчмас мулки объектларига ижара тўловини ушбу кўчмас мулк объектларига нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги шартнома асосида жойлаштириш;
б) даврий босма нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида молиявий йил якунида тақсимланадиган таҳририят соф фойдасининг муассисга тегишли қисмини таҳририят ҳисобида қолдириш ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш;
в) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаларидан давлат рўйхатидан ўтказилган даврий босма нашрлар таҳририятлари ходимларининг штат жадвали бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини тасдиқлаш ва ушбу меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ташқари жамғармалари ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш;
г) ўз муассисликларидаги даврий босма нашрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини ривожлантириш, шу жумладан, журналист-кадрлар захирасини шакллантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш.








