Тревор Фрэнсис
Иш берувчи: «Кристал Пэлас»
Туғилган кунига совға сифатида шартномаси бекор қилинди.

Фото: AFP/Getty Images

2003 йилнинг апрель ойи. Чемпионшип мавсуми тугашига 6 ўйин қолганди. «Бургутлар» турнир жадвалининг ўрталарида жойлашиб олишган. Аммо бошқарув раиси Саймон Жордан жамоаси плей-офф зонасидан ўрин олишини истади. Фрэнсисни истеъфога чиқариш орқали, у футболчиларга қўшимча туртки бермоқчи бўлди.

«Мен Премьер Лигага чиқиш ўтида ёняпман ва кафолат бераманки, янги мураббий билан биз бу маррага эришамиз. Треворга эса, меҳнатлари учун миннатдорчилик билдириб, келгуси ишларида омад тилайман», деди Жордан.

Ўша мавсумни «Пэлас» 14-ўринда якунлади. Мақсадга эришилмади. Лекин бу истеъфонинг Тревор учун қизиқ жиҳати, айнан туғилган кунида содир бўлгани эди.  

Жордан ўша кунларни интервьюлардан бирида эслаб ҳам ўтди: «Тревор бу қарорни жуда оғриқли қабул қилди. У шунчаки эшитиб ўтирди ва кейин «бугун менинг туғилган куним-ку?» деди. Мен нима қилишни билмай қолдим ва қўлига Р45 (Англияда ишловчига иш тугаганда бериладиган сертификат) тутқаздим».

Кейинги мавсумда Жордан ўз орзусига эришди ва «Кристал Пэлас» Премьер Лигага йўлланма олди. Аммо у ерда атиги бир йил қолди, холос. Юқорига кейинги чиқиш анча йиллардан сўнг, 2012/13 йилги мавсумда рўй берди. Шундан буён «бургутлар» АПЛнинг барқарор клубларидан биридир.

Лерой Росеньор
Иш берувчи: «Торки Юнайтед»
Ўн дақиқа ўтиб, ишидан айрилди.

Фото: AFP/Getty Images

2007 йил майда «Торки Юнайтед» раҳбари Майк Бейстон Лерой Росеньорни бош мураббий сифатида тасдиқлади. Англия ўсмирлар терма жамоаси собиқ футболчиси, КПР, «Фулҳэм» ва «Вест Ҳэм» клублари сафида ўйнаган Лерой «Глостер Сити», «Брентфорд» каби жамоаларда ишлашга ҳам улгурганди.

Тайинловдан бироз ўтиб, Бейтсон клубга тегишли акцияларнинг 51 фоизига таклиф олади ва уни қабул қилади. Натижада у жамоада бошқарув қарорларини қабул қилиш ваколатини ҳам бой берди. Янги хўжайинларнинг эса ўз режалари бўлган ва улар бош мураббийликка Пол Баклни олиб келишди.