АҚШ ва «Толибон» ўртасида февраль ойи охиридаги музокаралар ва 29 февраль куни тузилган тинчлик битими Афғонистонда тинчликни таъминлай олмади. Минтақада март ойида ҳам «Толибон» ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этди. Бу эса тинч аҳоли ўртасида қурбонлар берилишини ҳам давом эттирди. Айни вақтда мамлакатда вазият сўнгги йиллардаги энг оғир ҳолатга келган.
Президент Ашраф Ғани 12 май куни телемурожаатида «Толибон»нинг тўхтовсиз ҳужумларига жавобан ҳарбийларга ушбу ташкилот позицияларига ҳужум бошлаш тўғрисида буйруқ берди. Қайд этилишича, курашнинг «фаол мудофаа» шаклидан «ҳужум» шаклига ўтилади.

Ғанининг айтишича, «Толибон» Афғонистон ҳукуматининг ўт очишни тўхтатиш ва зўравонлик кўламини қисқартириш бўйича чақириқларини эътиборсиз қолдирмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, урушни тўхтатиш бўйича чақириқлар «кучсизликни англатмайди, балки тинчликпарварликни ифодалайди». У ҳаракат тарафдорларини яна бир марта ҳукуматнинг мамлакатда тинчликни тиклаш бўйича таклифига рози бўлишга чақирган.
Кобулда бу ҳафта давомли терактлар билан бошланди. 11 май куни Таиа Маскан туманида бир неча портлашлар содир этилди. Хавфсизлик кучлари маълум қилишича, ҳужум нишони Миллий хавфсизлик бўйича дирекция ва ҳукумат автомобиллари бўлган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмади.
12 май куни Кобулдаги туғруқхонага ҳужум уюштирилди. Аввалига терорчилардан бири тиббиёт муассасасига киришда ўзини портлатган, қолганлари ичкарига бостириб кириб, одамларни ўққа тутган. Кобулнинг ғарбий қисмида жойлашган бинода камида 24 киши, жумладан, ўндан ошиқ аёллар ва икки нафар чақалоқ ҳалок бўлгани айтилмоқда, яна 15 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, худкуш террорчилар ҳарбий кийимда бўлган ва уларнинг ҳаммаси йўқ қилинган. Тиббиёт муассасасига ҳужумга бу ерда «Чегарасиз шифокорлар» инсонпарварлик ташкилотининг «хорижлик ходимлари» борлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Толиблар бу терактлар учун жавобгарликни зиммасига олмади, президент Ашраф Ғани ва биринчи вице-президент Амрилло Солиҳ ушбу ҳужум ортида «Толибон» ҳаракати ва уларнинг иттифоқчилари турганини қайд этган.


















