Карантин чекловлари даврида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тўхтатилиши фуқароларнинг ишсиз, даромадсиз қолишига олиб келди. Хусусан, мамлакатимизда умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 19 минг, транспортда 7 минг корхона фаолиятини тўхтатгани оқибатида аҳоли даромадлари сезиларли камайган.

Қийин иқтисодий вазият фуқароларнинг тўловга қодир бўлмай қолишига ва кредитлар бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслигига сабаб бўлади.

Шу сабабли, ҳозирда банклар томонидан кредит таътиллари берилмоқда ёки фуқароларнинг тўловга лаёқатлилигини ошириш мақсадида турли миқдор ва шартларда микроқарзлар, заёмлар ҳам таклиф этилмоқда. Бироқ бундай шакллардаги чоралар ҳам пандемиянинг узоқ вақт давом этиши натижасида самарасиз бўлиши, фуқароларнинг қарзлари янада ортиб кетиши мумкин.

Масалан, Россия Федерациясида олинган кредитларнинг 90 фоиздан ортиғи аввалгиларини тўлаш учун ишлатилади.

Бунинг натижасида истеъмол кредитлари талабни рағбатлантирмайди ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватламайди. Бу ўз навбатида, муддати ўтган кредитлар ва умидсиз қарзлар улушининг кескин ошишини англатади.

Жисмоний шахслар банкротлиги таомили зарур

Юқоридагиларнинг барчаси ижтимоий бозор иқтисодиётининг шаклланиши ва ривожланишига ёрдам берадиган иқтисодий муносабатларнинг янги қоидалари ва стандартларини жорий этиш заруриятини тақозо этади.

Шу муносабат билан, жисмоний шахсларнинг банкротлиги институтини жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу тизим бозор иқтисодиётида иқтисодий муносабат иштирокчиларининг ўз мажбуриятларини бажармаганликлари ва тўловга қодир эмасликларининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш механизми вазифасини бажариши мумкин.

Жисмоний шахслар учун банкротлик таомилининг моҳияти

Жисмоний шахсларнинг, яъни фуқароларнинг банкротлиги суд ёки ваколатли орган томонидан фуқаронинг молиявий мажбуриятларни бажариш ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширишга қодир эмаслигини тан олишни англатади.

Барча мамлакатларда банкротлик тўғрисидаги қонунчилик қарздорнинг банкротлик тўғрисида ариза топшириш имкониятини беради. Жисмоний шахсларнинг банкрот деб топиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб, юридик шахсларнинг банкротлиги таомилидан фарқ қилади. Фуқароларга нисбатан банкротлик таомилларини қўллаш натижасида эса банкрот деб топилган фуқаро қондирилмаган кредиторларнинг талабларини бажаришдан озод этилади.