Ўзбекистонда жиноят процессида жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти якунлари бўйича 27 август куни имзолаган фармонда мазкур йўналиш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Хусусан, жиноят иши доирасида киритилган гаров суммаларини қайтариш тартиби соддалаштирилади:

  • гаров суммаларини қайтариш ҳақидаги суд ҳужжати дарҳол ижро этилиши лозим бўлган талаблар тоифасига киритилади;
  • қонунчиликда белгиланган муддатларга риоя этмасдан гаров суммаларини қайтариш кечиктирилганда, гаров суммаларини ҳар бир кечиктирилган кун учун тегишли пул маблағлари сақланаётган идорадан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар (пеня) ҳисоблаган ҳолда қўшиб ундирилади.

Шунингдек, зарарни қоплаш бўйича Давлат бюджети фойдасига ундирилган пул маблағларини суд қарори асосида фуқаро ёки тадбиркорга қайтариш белгиланган тақдирда, ушбу пул маблағлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фуқаро ёки тадбиркорга қайтарилади.

Реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан суд қарори асосида Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси маблағларидан қоплаб берилади.

Зарарни қоплаш бўйича ундирилган пулларни қайтариш ҳамда реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаб бериш бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида ижро этилмаганда, мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида фоизлар (пеня) ҳисобланади.

Масъул идораларга 3 ой муддатда юқорида санаб ўтилган тартибларни белгиловчи, тадбиркорлик субъектларини асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.