Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борадаги режа 2017 йил 3 февраль куни мазкур боғга ташриф чоғида белгиланган. Ўша йили 18 апрелда давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилган.

«Ўтган вақт мобайнида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди.

Илгари бу ерда саноқли адибларимизнинг ҳайкаллари бор эди. Гўёки, Алишер Навоийдан сўнг истеъдодли шоирлар етишиб чиқмагандай таассурот пайдо бўларди.

Шу боис Адиблар хиёбонини ғоявий-бадиий жиҳатдан янада бойитиш мақсадида Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари атоқли намояндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ҳам яратилди.

Ҳазрат Навоий бобомизнинг муҳташам ҳайкали атрофида 20дан зиёд атоқли шоир ва адибларнинг ҳайкаллари яхлит меъморий ва бадиий композицияда, мантиқий ечим асосида жойлаштирилди. Шу ерда Ёзувчилар уюшмаси учун бино барпо этилгани ҳам ҳамоҳанглик касб этди.

Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюриб, Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйди. Хиёбонда амалга оширилган ишлар ва яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар билан учрашувда миллий адабиётимизни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, галдаги муҳим вазифалар ҳақида сўз борди.

– Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизда ижодкорларнинг асарлари доимий равишда чоп этиляпти. Энди уларни дунёга олиб чиқиш кераклиги таъкидланди.

Масалан, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари ижодкорларнинг асарлари хорижий тилларда нашр этилмоқда. Лекин бу ишлар таржимонларнинг ўз ташаббуси ва қизиқиши билан бўляпти.