Жамият | 08:26 / 22.05.2020
10635
3 дақиқада ўқилади

ЙҲХББ Навоийда ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ берди

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати интернетда бодикамерасиз ЙПХ ходими фуқаронинг қўл телефонини уриб, автомобилига ўтириб олгани ҳақида тарқалган видеолавҳага муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 май куни соат 17:10ларда, Навоий вилояти, Учқудуқ туманидан Зарафшон шаҳри йўналиши бўйича бир нафар йўловчи билан ҳаракатланиб келаётган “Лабо” русумли транспорт воситаси “Учқудуқ” тўсиқ постида хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ходимлари томонидан дезинфекция чораларини кўриш мақсадида тўхтатилиб, ҳайдовчидан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини тақдим этиши, ушбу маълумотлар постда юритилаётган журналга қайд этилишини маълум қилишган.

Билдирилишича, ҳайдовчи Миллий гвардия ходимларига ушбу постдан ҳар куни ўтиб қайтишини, ҳар сафар ҳужжатларини кўрсатмаслигини айтиб, улар билан тортишиб турган вақтида, ушбу постга хизматга жалб этилган Учқудуқ туман ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт инспектори А.У. постда жойлашган хизмат хонасидан чиқиб келиб, ҳолатга аралашиб ҳайдовчидан ҳужжатларини тақдим этишини сўраган.

Ҳайдовчи унга ҳужжатлари йўқлигини маълум қилганидан сўнг, ЙПХ ходими А.У. уни автомашинадан тушишини, автомашинаси эса жарима майдонига қўйилишини айтган.

Ҳайдовчи автомашинадан тушганидан сўнг, А.У. унга тегишли автомашинани жарима майдонига қўйиш мақсадида рул бошқарувига ўтирган вақтида автомашинада ўтирган йўловчи ходимнинг ҳаракатларини видеотасвирга олишни бошлаб, ходимга нима сабабдан бодикамерасиз хизмат олиб бораётганлигини айтиб, турли важлар келтириб, уни ҳаракатларини ижтимоий тармоқларга жойлаштиришини маълум қилган ва уларни қўйиб юборишини сўраган.

Шу вақт ходим уни видеотасвирга олишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган. Шундан сўнг, А.У. томонидан ушбу транспорт воситаси ҳайдовчиси А.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- ва 135-моддаларига кўра баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси эвакуатор ёрдамида жарима майдонига қўйилган. 

Шу куни А.У. хизматга чиқишидан олдин бодикамерасини навбатчилик қисмидан олган бўлса-да, ушбу ҳолат содир бўлган вақтда у бодикамерасини шу постда жойлашган хизмат хонасида унутиб қолдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид