Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, улардан қочишга уринган ҳайдовчи 15 суткага қамалди.

Воқеа 12 август куни содир бўлганди. Тунги хизматга жалб қилинган ЙПХ инспекторлари томонидан Nexia-2 автомашинаси ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатилган. Бироқ ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, воқеа жойидан яширинишга уринган. Кейинги чорраҳада хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан ҳам ҳайдовчига бир неча бор тўхташ ишораси берилганига қарамай, у ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, ҳаракатни давом эттирган.

Оқибатда патрул экипажи томонидан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Nexia-2 хизмат автомашинаси ёрдамида чекланган. Бироқ ҳайдовчи патрул автомашинасини уриб юбориб, воқеа жойидан яна яширинишга уринган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчининг шахси аниқланиб, ушланган.

«Ҳужжатим йўқлиги сабаб ГАИ ходимларидан қўрқиб, қарама-қарши ҳаракатландим», – деганди у ўшанда.

Чироқчи тумани суди қарори билан ҳайдовчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, узил-кесил 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Судда у қилмишидан пушаймонлигини билдирган.