Kun.uz муборак Рамазон ойи муносабати ташкил этиб келаётган туркум суҳбатларнинг навбатдагисида молиявий ибодатлар ҳақида сўз боради. Бу мавзуда маълумот олиш учун «Исломобод» жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ домла Йўлдошевга мурожаат қилдик.
Закот – ислом фарзларидан бири
Закот – Исломдаги беш устуннинг бири. Закот оммавий қилинадиган ибодат эмас, у фақатгина моли маълум нисобга, меъёрга етган киши учун фарз бўлади.
Бу йил маблағи 22 млн сўмдан ошган кишилар молининг 40дан бир қисмини закот қилиб бериши кераклиги хусусида муфтий ҳазратларининг фатволари чиқарилди.
Закот Рамазон ойида берилиши керак деган кўрсатма мавжуд эмас. Нега нисобга етган молимизнинг қирқдан бир қисмини камбағалларга, мискинларга, етим ва эҳтиёжмандларга айнан Рамазон ойида берамиз? Чунки бошқа ойларда қилинган савоб учун битта ажр олинса, Рамазони шарифда адо этилган закот, намоз, рўза ва садақамизга 700 баробаргача ажрни зиёд қилиб бериш хушхабари муборак ҳадиси шарифларда келтирилган.
Шунинг учун бутун дунё мусулмонлари Аллоҳ таоло ҳузурида янада кўпроқ савобга эришайлик, деган мақсадда закотни Рамазон ойида берадилар, уламолар ҳам шунга тавсия қилишган.

Абдуллоҳ Йўлдошев
Фитр садақаси
Бир ой мобайнида Рамазон рўзасини тутган рўзадор камчиликка, нуқсонга йўл қўйиши мумкин, чунки гуноҳкор бандамиз. Қилган хатомизга истиғфор келтирамиз, лекин ана шунинг ижобатини сўраш учун садақа берилади.
Рамазон ойида тутган рўзаларнинг каффороти, йўл қўйилган камчиликларни ёпсин, деган мақсадда бериладиган садақа – фитрдир.
Рамазон ойида фитр садақасини бериш вожиб бўлади.
Бу йил 2 кило буғдойнинг қиймати, яъни 8 минг сўм – бир киши учун фитр садақаси меъёри қилиб уламолар кенгаши томонидан белгиланди.
Фақатгина бу билан чекланиб қолинмайди. Халқ орасида ўзига тўқ кишилар бор, улар бир кишига 8 минг сўм бериш жуда кам маблағ деб билсалар, 2 кило хурмо, 2 кило майиз қийматидан келиб чиққан ҳолда фитр садақасини беришлари мумкин. Бир кило майизнинг нархи 100 минг сўм деб оладиган бўлсак, фитр садақаси 200 минг сўм деб белгиланиб, эҳтиёжмандларга берилиши мумкин. Бу – бир оиланинг бир неча кунлик эҳтиёжига ярайди. Фитр берувчининг ҳам садақаси бажо бўлади, ҳам рўзаларига каффорат бўлади, ҳам бир оиланинг ҳожатини адо этиб, савобга эришади.

















