Ўзбекистон | 14:25 / 30.05.2020
7475
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда маҳкумларнинг афв этилишига юқори баҳо берди

АҚШ Комиссияси шу йил апрел ойида диний эркинликлар соҳасидаги ҳисоботни эълон қилганди. Унда 2005 йилдан бери биринчи марта Давлат департаментига Ўзбекистонни “диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” рўйхатига киритиш таклиф қилинмаган.

Самуэл Браунбэк ва Надин Маэнза

АҚШ расмийлари Ўзбекистон президентининг 258 маҳкумни, шу жумладан тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашганларни афв этиш тўғрисида яқинда қабул қилинган қарорини юқори баҳоладилар. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабар бермоқда. 

Хусусан, АҚШнинг диний эркинлик соҳасида махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбэк шундай деди:

“Биз Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёевга 258 нафар маҳбусни, жумладан диний сабабларга кўра ҳукм этилганларни афв этиш тўғрисидаги қарорини юксак эътироф этамиз. Мен барча жойлардаги ҳамма диний маҳбусларни айниқса COVID-19 коронавируси даврида озод қилишга чақираман”.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси раисининг ўринбосари Надин Маэнза ҳам ушбу ҳужжат қабул қилинишини олқишлади. 

“Президент Ш.М.Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган 258 маҳкумни, хусусан айрим диний маҳбусларни афв этиш тўғрисидаги қароридан руҳландим. Ўзбекистонда дин эркинлиги соҳасидаги изчил ривожланишни хурсандлик билан кузатмоқдамиз”, - дея изоҳ қолдирди комиссия вакили ижтимоий тармоқларда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Комиссияси шу йил апрел ойида диний эркинликлар соҳасидаги ҳисоботни эълон қилганди. Унда 2005 йилдан бери биринчи марта Давлат департаментига Ўзбекистонни “диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” рўйхатига киритиш таклиф қилинмаган.

Мавзуга оид