Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона қурилиши билан танишди.

Коронавирус пандемияси бутун дунёга тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирмоқда. Мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, халқимизнинг чуқур тушуниши ва сабр-тоқати билан бу офат жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олиняпти. Қисқа фурсатларда даволаш-профилактика муассасалари ва карантин зоналари қурилгани бунда муҳим омил бўлди.
Зангиота туманидаги махсус шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 та комплекс қурилмоқда. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган.
Хусусан, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган, ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Уларга кириб-чиқиш ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида. Касаллар келгач, қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри ўз палатасига жойлаштирилади.
Барча корпуслар, бўлинмалар тоза ва нотоза йўлаклар билан ажратилган. Тоза йўлакдан фақат тиббий персонал ўз вазифасини бажариш учун фойдаланади. Шифокорлар ҳаракатланиш чоғида санитар ўтказгичлар орқали ўтади. Бу барчанинг – ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Давлат раҳбари касалхонада яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддилар билан суҳбатда ундан оқилона фойдаланиш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш муҳимлигини таъкидлади.
- Бундай замонавий шифохонани қуриш сермашаққат, ундан самарали фойдаланиш эса ундан ҳам қийин. Шунинг учун бу ерга врач эмас, ташкилотчи одам раҳбар бўлиши керак. Ходимларнинг маоши бонус тизимида бўлиши зарур. Натижа яхши бўлса, яхши даромад олишсин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Муассаса 2 минг ўринга мўлжалланган. Лекин 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор.
Давлат раҳбари қабул бўлими, карантин зонаси, лаборатория ва муолажа хоналари, санитар-ювиниш жойларини синчиклаб кўздан кечирди.
Видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги шифокорлар билан мулоқот бўлди. Телемедицина бўйича комплекс тизим яратиш, туманлардан вилоят касалхоналарига, ундан республика марказларига боғланиш имкониятини йўлга қўйиш, шу билан бирга, тиббиёт ходимларини бу бўйича ўқитиб, тажриба алмашувни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
















