Аҳоли жон бошига коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича Буюк Британия Италия ва Испанияни қувиб ўтиб (38 мингдан ошиқ ўлим), бугунги кунда Европадаги эпидемиядан энг кўп азият чекаётган мамлакатлардан бири бўлиб турибди. Мамлакатдаги бундай вазиятга ОАВ асосан Brexit билан банд бўлган Борис Жонсон ҳукуматини айбдор қилмоқда. Журналистлар ҳукуматдаги карантин жорий қилишнинг асосий тарафдорлари бўлган раҳбарлар ҳам карантин қоидаларига амал қилмагани ҳақида ёзишмоқда. Бу эса ҳукуматга нисбатан норозиликни янада кучайтирган. Шунингдек, Шотландия ва Уэльс ҳукуматлари ҳам Буюк Британия ҳукуматининг хатти-ҳаракатларидан норозилигини яширмаяпти.

Бош вазир маслаҳатчиси карантинни бузган

Мухолифатчилар ҳукуматни Жонсон эмас, унинг бош маслаҳатчиси Доминик Каммингс бошқаради деб ҳисоблайди
Aaron Chown / PA / Scanpix / LETA

2020 йил 22 майда Буюк Британиянинг иккита етакчи газетаси – The Guardian ва The Daily Mirror ҳамкорликда бош вазир Борис Жонсоннинг катта маслаҳатчиси Доминик Каммингс билан боғлиқ суриштирув тафсилотларни эълон қилишди. Унга кўра, март ойи охирида коронавирус билан касалланган Каммингс Лондондан 420 километр узоқликдаги Дарэм шаҳрига ўз автомобилида борган. Бу шаҳар унинг туғилган шаҳри ҳисобланади ва у ерда унинг ота-онаси яшайди. Сафар давомида Каммингсга коронавирус юқтирган хотини ва кичик ўғли ҳамроҳлик қилган.

Бу янгилик дарҳол мамлакат бўйлаб тарқалди. Ахир Каммингс нафақат юқори мартабали ҳукумат амалдори, балки британияликларнинг «ташқи дунё билан алоқаларини қисқартирган» Brexit бош тарғиботчиси эди. Бош вазир маслаҳатчиси сифатида у нафақат пандемия хавфининг олдини олиш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган, балки ҳукуматнинг фавқулодда вазиятлар бўйича йиғилишларида ҳам қатнашади. Ўшанда у олимларни коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун иложи борича тезроқ кафе, ресторан каби жамоат жойларини ёпиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга ундаган.

Шу сабаб Каммингснинг ўзи жорий этилишида фаол қатнашган карантин қоидаларга риоя қилмагани маълум бўлганда, мамлакатдаги етакчи газеталар, шу жумладан Борис Жонсонга тарафдор бўлган The Daily Mail ҳам сиёсатчини қоралаб чиқди. Жонсон бошчилигидаги консерваторлар партиясининг кўплаб аъзолари уни ишдан бўшатиш талаби билан чиқишди.

Бироқ Буюк Британия бош вазири ўзининг катта маслаҳатчисига чора кўришдан бош тортди. 24 май куни шу мавзуда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Борис Жонсон Каммингсни ҳимоя қилиб, «У қонунни бузмаган ҳолда, масъулият билан ҳаракат қилган ҳамда отасининг инстинктларига амал қилган», деб айтди.