Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Адлия вазирлиги қошида давлат муассасаси шаклидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилган.
Белгилаб қўйилишича, Марказ:
аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади;
“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти давлат унитар корхонасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларга, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўлади.
“Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти Марказнинг мустақил юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмалари ҳисобланади ва ўз касб фаолиятида мустақилдир.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантириш ва юритиш, ундан жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, Миллий базада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашр этилишини, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини ва назорат нусхаларини электрон шаклда юритилишини таъминлаш;











