1991 йил СССРнинг ўзи ҳам йўқ бўлиб кетгунча мамлакатда таълим тизимининг барча соҳаларида «капитализмнинг чириган ботқоққа ботиб бораётгани» ҳақида ёш авлодга таълим берилди. Бундан ташқари, мамлакатдаги режимга хизмат қилувчи кўплаб сохта олимлар капитализмни ёмонлаб илмий ишлар ёзишди, диссертациялар ёқлашди, унвон олишди.

СССР парчалангач, собиқ постсовет республикаларининг аксарияти Ғарбга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди ва улар билан муносабатлар ўрнатди. Бир қарашда Россиянинг ўзи ҳам. Аммо вазиятга теранроқ ёндашилса, Россиянинг СССР тарқаб кетганидан кейин ҳам Ғарбга нисбатан муносабати кескин ўзгармагани кўзга ташланади. СССР пайтида Ғарб «чириган капитализм» (капитализм чиримаганига бутун дунё гувоҳ) деб талқин қилинса, Россияда Ғарб мамлакатларига таъриф «бир жинсли никоҳга рухсат берилган бу мамлакатда...», деб бошланадиган бўлди.

Рус сиёсатчилари Ғарбга оммавий тарзда турли айбларни тўнкар, айбловларнинг аксари Ғарб инсоният пайдо бўлганидан буён қадрланиб келаётган инсоний фазилатларни оёқ ости қилаётгани ҳақида бўларди. Россиялик сиёсатчиларнинг ташвишларини тушунса бўлади: бир жинслилар никоҳига рухсат берилиши ҳақиқатан ҳаддан ошиш ва табиат қонунларига зид иш.

Масаланинг яна бир томони шундаки, Ғарбдаги «ноинсоний анъаналар устига қурилган ҳаёт тарзи»ни аёвсиз танқид қиладиган рус сиёсатчилари ва юқори лавозимли амалдорларнинг аксари фарзандларини Ғарбга ўқишга юбормоқда. Ҳа, одамлар олдидаги чиқишларида Ғарбдаги бузуқ ҳаёт тарзини аёвсиз танқид қилаётган россияликлар фарзандларини Ғарбдаги мактабларга, олийгоҳларга жойлашмоқда.

Шу ўринда Анатолий Рибаковнинг «Арбат болалари» романи эсга тушади. Романда Сталин ҳукмронлик қилган йиллар Кремлда ишловчи юқори лавозимли амалдорларнинг болалари ҳақида ҳам ёзилган. Асар қаҳрамони ёш йигит Саша Панкратовни ноҳақдан «чет эл жосуси» сифатида айблаб қамоққа олишади. У юқори лавозимли амалдорнинг жияни бўлади.

Тоғаси жиянини қутқариш учун Сталин олдига бемалол кириб чиқа оладиган амалдорлардан бирига илтимос қилади. Сталин унга қарата ёш авлод кимга эргашяпти? Улар хориж кийимларини кияр эмиш, хориж мусиқасини ёқтирар эмиш. Йўқ, бу жамиятда тартиб ўрнатилиши ва бошқаларга ўрнак бўлиши учун ўша йигит жазоланиши керак, қабилида гапиради.

Бугун Россиядаги аҳволни ўша вазиятга ўхшатса бўлади. Ота-оналар зўр бериб Ғарбни ёмонлашади, болалари эса Ғарбга интилишади, Европада ва АҚШда ўқишни, яшашни хоҳлашади. Россиялик сиёсатчилар, юқори лавозимли амалдорлар, бойлар ва шоу-бизнес вакилларининг фарзандлари билан шундай бўлмоқда.

Олигархлар ва шоу-бизнес вакилларининг болаларини тушунса бўлар, улар доим ҳам Ғарбга нафратларини намойиш қилаверишмайди. Аммо давлат сиёсатининг тарғиботчилари бўлган сиёсатчилар ва юқори лавозимли амалдорларнинг фарзандларини Ғарбга интилиши чиндан ажабланарли.