Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг энг кўп учрайдиган касбий хавф омилларини баҳолаш бўйича ўтказган сўнгги тадқиқотларига кўра, Европа давлатларида касаллик юкининг камида 1.6 фоизи меҳнат шароитлари сабаб юзага келиши аниқланган.

Унга кўра, хавфларнинг асосий омиллари сифатида: шикастланиш (40 фоиз), шовқин (22фоиз), канцерогенлар (18 фоиз), хавфли зарралар ва эргономик омиллар (3фоиз) келтирилган.

Сурункали касалликларнинг касбий юки сифатида эса, бел оғриғи (37 фоиз),эшитиш қобилиятининг пасайиши (16 фоиз), ўпка зарарланиши билан боғлиқ касалликлар (13 фоиз), астма (11фоиз) ва саратон (9 фоиз) кўрсатилган.

Хўш, касб касаллиги бўйича Ўзбекистондаги умумий ҳолат қандай? Бизда касбий фаолиятдаги хавфсизлик қоидаларига қанчалик амал қилинади? Қайси соҳа вакиллари орасида касб касаллигига чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда? Kun.uz мухбири шу каби саволлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош профпатологи, тиббиёт фанлари доктори Муқаддас Ҳамроқулова билан интервью уюштирди.

— Муқаддас опа, айтинг-чи, касб касаллиги ўзи қандай касаллик, унга кимлар ва қайси соҳада фаолият олиб борадиган мутахассислар чалиниши мумкин?

— Бу ёмон меҳнат шароитлари ва касбга алоқадор зарарларнинг организмга таъсири натижасида пайдо бўладиган касалликлар ҳисобланади. Касалликнинг кечиши унга сабаб бўлган зарарли омилларнинг ўзига хослиги, кучи, давомийлиги ва уларнинг биргаликдаги таъсирига боғлиқ.

Касб касаллиги ишлаб чиқаришнинг зарарли омилларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Бу касалликнинг физик (касбга алоқадор карлик, вибрация касаллиги, нур касаллиги, кессон касаллиги, баландлик касаллиги ва б.), биологик (инфекцион ва паразитар касалликлар: бруцеллёз, куйдирги) ва кимёвий омиллар таъсирида (заҳарланиш), баъзи чанглар узоқ вақт нафасга олинганда (пневмокониоз, бронхит ва б.), шунингдек, жисмоний зўриққанда ёки шикастланганда (неврит, бурсит) вужудга келадиган турлари фарқ қилинади. Унинг келиб чиқишига организмнинг ўта толиқиши ва касалликка қарши кураша олиш фаолиятининг пасайиши ҳам сабаб бўлади.

Касб касалликлари Ўзбекистонда амал қилувчи этиологик принципга асосланган касб касалликларининг рўйхатига, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июльдаги 195-сонли қарорининг 2-иловасига асосан тасдиқланади.