Шулардан бири – Фарғона вилоятида ташкил этилган «Саховатли инсонлар» хайрия лойиҳаси бугунги кунгача моддий ёрдамга муҳтож кўплаб ватандошларимизга эҳсонларни етказиб бермоқда.

24 мартдан Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида хайр-эҳсон қилувчиларни бирлаштирган «Саховатли инсонлар» эҳсон лойиҳаси ташкил этилган эди. Бу ҳақда сайтимиз орқали ҳам маълумот берган эдик.

Биз яна бир бор лойиҳа ташкилотчиларидан Aбдуғаффор Эргашев билан боғланиб, ушбу инсонпарварлик акцияси ҳақида суҳбатлашдик.

«Лойиҳа ташкил этилганидан кейин Фарғона вилоятидаги жуда кўплаб саховатли инсонлар бу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, моддий ва маънавий ёрдамларини аямадилар. Лойиҳа доирасида шу кунга қадар Марғилон шаҳри, Қўштепа тумани, Олтиариқ тумани, Ёзёвон тумани, Фарғона тумани, Риштон тумани, Фарғона шаҳри, Қўқон шаҳри, Aндижон вилояти ва Наманган вилояти бўйлаб 5000дан зиёд оилаларга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Саховатли инсонлар» гуруҳи Фарғона вилоятида кўплаб уруш фахрийлари ва ёши улуғ нуронийлар ҳолидан хабар олди.

Ундан ташқари, саховатпеша инсонлар кўмагида 2016 йилда яшаб турган уйи буткул ёниб кетган марғилонлик Ёрқинжон Мақсудов хонадонида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, гуруҳ ҳомийлари ёрдамида юрагида нуқсон билан туғилган 3 ёшга қадам қўяётган Тожалиева Меҳрибонуда жарроҳлик муолажасини амалга ошириш учун моддий ёрдам берилди.

Сирдарё вилояти Сардоба туманида сув тўғони ўпирилишидан зарар кўрган оилаларга кийим-кечак ва турли уй рўзғор буюмлари сотиб олинди ва етказилди», дейди Aбдуғаффор Эргашев.