Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сержантлар учта разрядга бўлиниши кутилмоқда
Бугун, 10 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Қўмитада дастлаб «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу қонунга асосан, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, эндиликда сержант унвони уч разрядга бўлиниши кутилмоқда.
Чунки, таъкидланишича, амалдаги унвонлар ичида сержант унвонида ҳарбий хизматчилар иштиёқи инобатга олинмаган. Келгусида эса сержантларнинг турли разрядларга бўлиниши натижасида энг яхши хизмат қилган сержантларнинг унвони ошириб борилаверади. Кичик офицерлар ўзининг ҳарбий хизматдаги кўтарилиб бориш механизмига кўра, масалан биринчи даражадаги сержант учинчи даражани олишга ҳаракат қилади. Бу ўз навбатида садоқат, ватанпарварлик ва шахсий манфаатдорликни кучайтиради.
Айни пайтда бу лойиҳа «Адолат» СДП ва «Миллий тикланиш» ДП фракцияларида муҳокамадан ўтказилмоқда.
Тегишли қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасига мослиги текширилиб, навбатдаги ялпи йиғилишга олиб чиқилиши режалаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга мувофиқ, сержантлар таркиби кичик сержант, сержант ва катта сержантга ажратилади. Юқоридаги қонун амалга киритилган тақдирда сержантлар таркибидаги унвонлар сони учтадан бештага ошади.