Ўзбекистон | 17:55 / 11.06.2020
37033
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Ўзбекистонга нисбатан «Жексон-Вэник» тузатишини бекор қилиш ташаббуси билан чиқди

Фото: РИА Новости

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан Ўзбекистонга нисбатан «Жексон-Вэник» тузатишини бекор қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилиниши ташаббуси билан чиқади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ушбу масала икки мамлакат қонун чиқарувчиларининг онлайн-брифингида муҳокама қилинди. Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, шунингдек Сенатнинг бошқа аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этди.

Шунингдек, Конгрессда «Ўзбекистон бўйича Кокус» таркибини кенгайтириш ва Конгресс томонидан мустақилликни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш бўйича махсус резолюция қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Жексон-Вэник» тузатиши 1974 йилда Конгресс аъзолари Г. Жексон ва Ч. Вэник томонидан «1974 йилда савдо тўғрисидаги қонун»га киритилган юридик қоидадир. Тузатиш эркин эмиграцияни чеклаш ва давлат антисемитизми сиёсатини олиб борувчи давлатларга нисбатан савдо ҳамда молиявий чекловлар жорий этиш мақсадида қабул қилинган.

СССР парчалангандан сўнг, тузатиш автоматик равишда барча МДҲ давлатларига, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам татбиқ этилди. Уларда АҚШга бозор иқтисодиёти бўлмаган мамлакатлардан олиб кириладиган товарлар учун дискриминацион тарифлар ҳамда йиғимлардан фойдаланиш, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатлари берилишини тақиқлаш назарда тутилган.

Ҳозирда Ўзбекистонга нисбатан вақтинча воз кечиш (waiver) жорий қилинган, ушбу ўзгартиришлар АҚШ Конгрессидаги эшитувларда ҳар йили кўриб чиқилиши керак. 

Мавзуга оид