Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлар, судьяларга “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган. Ҳокимларнинг аксарияти сенатор ёки депутат, бундай вазиятда қонунчиликда давлат хизматчиларига нисбатан кўзда тутилган мажбуриятлар уларга нисбатан қўлланилмайдими? Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров 11 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу масалага ойдинлик киритди.
“Тўғри, ҳозирги вақтда ҳоким маҳаллий кенгаш депутати ва сенатор. Ҳоким бўйича алоҳида моддаларимиз бор. Битта нарсаки, ҳокимнинг сенатор сифатида мақоми бор, лекин ҳоким сифатидаги мақоми ҳам бор. Ҳозир ишлаяпти-ку. Буни инкор қилолмаймиз. Масалан, ҳоким сифатида ваколатини бажариб, сенатор сифатида бажармаяпти демаяпмиз-ку.

Қонунда унинг сенатор ва ҳоким сифатидаги ваколатлари белгиланган. Депутат сифатида унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Шунинг учун ҳоким нуқтаи назаридан функция бажаради. Ҳар доим ҳам функциясини сенатор сифатида бажармайди-ку. Мана шу нуқтаи назардан биринчи қисмида Сенат аъзоси сифатида кўриб чиқиляпти.
Кейинги қисмида ҳоким сифатида бўлган ҳоким мақоми бор. Ҳоким мақомига “Маҳаллий давлат органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган қоида татбиқ қилинади ва у қисмда тартибга солинмаган масалалар ҳоким сифатида мана бу қонунда тартибга солинади.
Бошқа давлатлар тажрибасини оладиган бўлсак, ҳукуматдан бошлаб вакиллик органлари ва сайланадиган органлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳокимлари – сиёсий давлат хизматчиси категориясида кўриб чиқилади. Давлат фуқаролик хизмати тушунчаси шундайки, у профессионал хизматчи. Яъни ишга кирди, карьера ўсиши бўлади, меритократия, танлов, аттестация – доимий равишда буларга қўлланилиб келинган масалалар.
Лекин бу ерда халқаро тажрибани оладиган бўлсак, булар сиёсий. Яъни сайланган, депутатлар орасидан сайланган, сенатор сифатида сайланган. Мана шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, аслида бу сиёсий давлат хизматчиси. Шунга ҳам қарамасдан, мана шу қонунда уларга нисбатан айрим нормалар татбиқ қилиниши белгиланяпти.
Ҳокимга нисбатан ҳаммасини қамраб олиш қийин бўлади. Ҳокимнинг лавозими аслида фуқаролик хизмати эмас. Ҳокимият аппаратидагилар ҳаммаси фуқаролик хизматчилари. Ҳокимни тайинлаш, ишдан олиш тартиби бошқача. Буни мазкур қонун билан тартибга солиб бўлмайди. Ҳокимни доим аттестациядан ўтказадиган бўлсак, у оддий фуқаролик хизматчиси бўлиб қолади. Шунинг учун ҳуқуқ амалиётидан келиб чиқиб, бу ерда ана шу нарсалар белгиланган”, дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.















