17 июнь куни Financial Times нашрида «Ривожланаётган мамлакатлар ҳам миқдорий юмшатишдан фойдаланиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада бугунги кунда иқтисодиётни рағбатлантиришда миқдорий юмшатишдан нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатлар ҳам фойдалаётганига эътибор қаратилади. Буни Хорватия, Польша, Руминия, Чили ва Индонезия каби ривожланаётган давлатлар тажрибаси кўрсатмоқда, улар йил бошидан ушбу сиёсатни қўллаб, пандемия шароитида белгиланган вазифаларни самарали ҳал қилмоқда.
- Миқдорий юмшатиш – монетар сиёсат инструменти бўлиб, бунда марказий банк нақдсиз пул эмиссияси ўрнига ҳукумат, банк ва хусусий компаниялардан чиқарилиш даврида ҳам, унинг келгуси муомаласи учун ҳам қарз қимматли қоғозларни сотиб олади. Билвосита таъсирнинг анъанавий инструментлари иш бермаганда мана шундай сиёсат қўл келади. Унинг моҳияти ортиқча банк резервларини ошириш ҳамда шунинг ҳисобига активлар ҳамда фоиз ставкаларини мос равишда пасайтиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров Ўзбекистон монетар сиёсатида ушбу инструментни қўллаш имконияти юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

«Financial Times мақоласида баён этилган ҳолатлар Ўзбекистон учун прагматик аҳамиятга эга, улар ўзбек монетар сиёсати учун ҳам, фонд биржаси учун ҳам фойдали. Маҳаллий шароитда мавзунинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилиб, корпоратив облигацияларни чиқариш жараёнини жадаллаштириш ҳамда, энг муҳими, давлат қимматли қоғозлари бозорини эркинлаштириш ва ривожлантириш лозимлиги кўрсатилган.
Давлат ва корпоратив облигациялар бирламчи бозорида битимлар тузилиши мумкинлиги жиҳатидан бундай молиявий инструмент Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб деб ўйлайман.
Аёнки, иқтисодиёт, маҳаллий капитал бозорини қўллаб-қувватлаш ҳамда бюджет дефицитини молиялаштириш учун бизда ҳам QE (quantitative easing) (таҳр. – миқдорий юмшатиш) сиёсатини қўллаш мумкин, бунда марказий банк ҳукумат (Молия вазирлиги) чиқарган облигацияларни сотиб олади», дейди агентлик раҳбари.
Таъкидланишича, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан норматив ҳужжатлар базаси ишлаб чиқилгани боис биринчи вазифа бўйича қонунчилик муаммолари қисман ҳал қилинди. 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати корпоратив МЧЖларга (АЖ сони 600 бўлса, МЧЖлар сони 140,000дан ортиқ) облигацияларни чиқариш ҳуқуқини бериш орқали бу жараённи бир қадар енгиллаштирувчи ўзгартиришларни маъқуллади ва қимматли қоғозлар бозори қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритди.















