Жаҳон | 03:38 / 24.06.2020
5213
3 дақиқада ўқилади

Швециянинг коронавирусга қарши стратегияси сабабли шведлар қўшни Дания ва Норвегияга ҳам кира олмаяпти

Фото: AFP

Дания ва Норвегия шведлар учун очилмади, Финляндия эса уларни икки ҳафталик карантин шарти билан қабул қилади.

Евроиттифоқ май ойи ўрталаридан ички чегараларни оча бошлади. Швециянинг қўшнилари - Норвегия, Дания ва Финляндия ҳам хорижликларни қабул қилишни бошлади. Аммо Дания ва Норвегия шведлар учун очилмади (айрим истисноларни ҳисобга олмаганда), Финляндия эса уларни икки ҳафталик карантин шарти билан қабул қилади (даниялик ва норвегияликлар учун карантин шарт эмас).

Швеция фуқаролари учун Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатларига ҳам кириш қийин. Улар Кипрга киритилмайди, Болгария, Чехия ва Нидерландияда карантинни ўташлари керак, Австрияда эса COVID-19га чалинмаганлиги тўғрисидаги маълумотномани кўрсатишлари лозим..  

The New York Times нашрининг ёзишича, шведлар ҳозирда Евроиттифоқнинг фақат тўртта мамлакати: Франция, Италия, Испания ва Хорватияга бемалол киришлари мумкин. Ўз навбатида Швеция ЕИ, Швейцария, Норвегия, Лихтенштейн, Исландия ва Буюк Британия фуқароларини мамлакатга киритмоқда, деб ёзади Euronews.

Швеция бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, коронавирус сабабли қатъий карантин жорий этмади, ресторанлар, дўконлар ва мактаблар ёпилмади. Ушбу стратегия касалликка чалинганлар ва вафот этганлар сонига таъсир кўрсатмай қолмади. 23 июнь ҳолатига кўра, Швеция ва унинг қўшниларидаги статистика қуйидаги кўринишда:

Швеция: 58 932 нафар касаллик юқтирганлар (173 кишига 1) ва 5122 нафар вафот этганлар (1988 кишига 1);

Дания: 12 527 нафар касаллик юқтирганлар (463 кишига 1) ва 602 нафар вафот этганлар (9630 кишига 1);

Норвегия: 8751 нафар касаллик юқтирганлар (607 кишига 1) ва 248 нафар вафот этганлар (21 429 кишига 1);

Финляндия: 7144 нафар касаллик юқтирганлар (772 кишига 1) ва 327 нафар вафот этганлар (16 875 кишига 1).

Шундай қилиб, Швеция COVID-19га чалиниш ва ўлим нисбати бўйича ўз минтақасида етакчилик қилмоқда. Бундан ташқари, Швецияда касаллик юқтириш ҳолатларининг кунлик ўсиши Дания, Норвегия ва Финляндиядагига нисбатан юқорилигича қолмоқда.

Июнь бошларида Швециянинг бош эпидемиологи Андерс Тегнелл ўзи таклиф қилган карантиндан воз кечиш стратегияси кўплаб ўлимларга сабаб бўлганини тан олди. У шу билан бирга, стратегия умуман олганда тўғри бўлганлигини ва унинг натижалари ҳақида кейинчалик фикр юритиш мумкинлигини айтганди.

Қўшни давлатларнинг шведларга нисбатан чеклов жорий этганидан Швеция ҳукуматининг ҳафсаласи пир бўлди.

«Иш ўринлари ва савдо тўғрисида гап кетганида мамлакатларимиз узвий ҳамкорлик қилади. Аммо энди Норвегия, Дания ва Финляндия «Кирманглар» демоқда, — деди Швеция ташқи ишлар вазири  Анн Линде. 

«Чегараларни ёпиш билан касалликни тўхтатиб бўлмайди», — деб таъкидлади Андерс Тегнелл.

Мавзуга оид