Жамият | 10:17 / 28.06.2020
19857
3 дақиқада ўқилади

«Асака» банк ходимларидан бирида коронавирус аниқланиши билан боғлиқ хабарлар юзасидан расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда «Асака» банк бош офисида ишловчи ходимларнинг бирида коронавирус аниқланганига қарамай, ҳеч бир ходим карантинга олинмагани ҳақида тарқатилаётган хабарларга нисбатан банк Ахборот хизмати изоҳ берди.

«Асака» банк пандемия эълон қилинган кундан бошлаб, Махсус комиссиянинг қарорлари, карантин қоидаларига қатъий риоя қилмоқда. Банк раҳбарияти томонидан ходимларнинг ихтиёрий ишлаши тизимли ташкил этилган бўлиб, уларнинг ўз истакларига қараб, 20 фоизидан зиёди масофадан туриб ишлашга, 12 фоизи навбатдаги ёки навбатдан ташқари меҳнат таътилларида ва 30 фоизга яқини иш хақи сақланмаган ҳолда таътилларга чиқарилган. Мижозлар учун онлайн хизмат кўрсатиш кучайтирилди. Бош офис ва банкимиз филиалларига келиш учун зарур эҳтиёжи туғилган мижозларга ҳимоя кийимлари кийган ва масофани сақлаган ҳолда хизмат кўрсатилмоқда. Бош офис ва филиалларимиз биноларига кираверишда махсус дезинфекция тоннели ўрнатилган. Бинога киришдан аввал ходимлар ва мижозларнинг ҳарорати ўлчанади. Шунингдек, кун давомида тиббиёт ходимлари уларнинг соғлиғидан хабардор бўлиб, тана ҳароратини текширяпти. Ходимларга тиббиёт ниқоблари, қўлқоплар мунтазам етказиб берилмоқда. Банк биносининг ички ва ташқи худудлари мунтазам равишда (ҳафтада уч марта), дезинфекция қилинади.

Банк зарур тадбирларни, йиғилишларни фақат онлайн ўтказмоқда. Хусусан, 26 июнга белгиланган акциядорлар йиғилиши ҳам масофадан туриб, онлайн тарзда ташкил этилди.

Маълумки, жорий йилнинг 24 июнь куни «Асака» банкининг навбатчи ҳайдовчисида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган. COVID-19'га топширган ходимнинг таҳлили ижобий чиққани ҳақида банкка хабар етказилиши биланоқ, банкда эҳтиёт чоралари кучайтирилган. Биринчи навбатда санитария ва эпидемиологик станцияга хабар берилиб, улар томонидан ходим ишлаган жой карантинга ёпилган ва дарҳол дезинфекция қилинган ҳамда ходимларнинг барчаси коронавирус бор-йўқлигини аниқловчи тестдан ўтказилиши ташкиллаштирилди.

Ҳозирда вирус аниқланган ходим шифокорлар назоратида, у билан яқин алоқада бўлганлар карантинга олинди.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, «Асака» банк раҳбарияти томонидан пандемия муносабати билан банкнинг барча ходимларига масофадан туриб ишлашга, навбатдаги ёки навбатдан ташқари меҳнат таътилларига, ҳамда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқиш бўйича барча шароитлар яратилган!

«Асака» банк карантин қоидаларига қатъий риоя қилмоқда!

«Асака» банк Ахборот хизмати

Мавзуга оид