17:36 / 28.06.2020
3874

Исландия президенти иккинчи муддатга қайта сайланди 

Фото: tass.ru

Исландиянинг амалдаги президенти Гудни Йоханнессон мамлакатда 27 июнда ўтган навбатдаги президент сайловларида ғалаба қозонди. У сайловчиларнинг 92,2 фоиз овозини тўплаган. 

Iceland Monitor нашрининг хабар беришича, Йоханнессоннинг рақиби Гюрмундур Франклин Йонссонга 7,8 фоиз сайловчилар овоз берган. 

1968 йил Рейкъявикда туғилган Йоханнессон 2016 йилда мамлакат мустақилликка эришган 1944 йилдан бери унинг энг ёш президентига айланганди.

Йоханнессон сайловлар натижаларидан мамнуният билдирган. Унинг таъкидлашича, сайловчилар унга охирги 4 йил президентлиги вақтида амалга оширган ролни бажариш учун яна ваколат тақдим қилишди.

Унинг рақиби, Исландия Ўнг-яшил партияси асосчиси Гудмундур Франклин Йонссон мағлубиятини тан олиб, Йоханнессонни ғалаба билан табриклаган. “Мен Гуднини ва унинг оиласини табрклайман”, деб айтган Йонссон.

Исландияда президент асосан вакиллик вазифаларини бажаришига қарамай, у мамлакатдаги жараёнларга таъсир қилиш учун баъзи дастакларга эга ҳисобланади. Жумладан, у маҳаллий парламент – Алтинг томонидан қабул қилинган қонунларга тақиқлов қўя олади, референдумлар ташкил этиши мумкин. Шунингдек, Исландия президентида молиявий ваколатлар ҳам мавжуд бўлиб, бюджет унинг маъқулловидан ўтиши шарт.

Top