Ўзбекистон | 18:01 / 28.06.2020
86007
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда шифокор коронавирус туфайли вафот этди. У хизмат вақтида вирус юқтириб олган

Тошкент вилоятида карантин марказида вирус юқтириб олган Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори 26 июнь куни миокард инфаркти туфайли оламдан ўтган. Бу Ўзбекистонда коронавируснинг 21-қурбони бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда яна бир киши коронавирус туфайли вафот этгани тўғрисида хабар берди.

«Пойтахтимиздаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори А.У. шу йилнинг 14 июнь кунидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказидаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсата бошлаган.

Шу йилнинг 23 июнь куни аҳволи оғирлашиб, дастлаб Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига, сўнг эса Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ўткир миокард инфаркти ташхиси билан ётқизилган.

26 июнда эса юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашганлиги учун реанимация бўлимига олинган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари томонидан бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.

Бироқ кардиолог, пульмонолог, терапевт, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марҳум шифокорнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари ўлими билан боғлиқ ҳолат охирги марта 20 июнь куни куни Сурхондарёда қайд этилганди.

Шу вақтгача Тошкентда 11, Наманганда 4, Самарқандда ва Сурхондарёда 2тадан, Фарғонада битта ўлим рўй берганди.

 

Мавзуга оид