Бугун 7 ҳудудда - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.
Бугунги 266 ҳолатдан 247таси карантин муассасаларида, 16таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 3 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.
Аҳоли орасида (+16)
Бугун олти ҳудудда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Анча вақтдан буён илк марта Андижон вилоятида аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди - 6 киши вирусга чалингани маълум бўлди. Андижонда бугун жами 14 кишида вирус аниқланди - шу вақтгача қайд этилган ҳолатлар сони 209дан ошди. Шундан 181 бемор соғайган, шифохоналарда 26 бемор даволанмоқда.
Самарқанд вилоятида аҳоли орасида 4 ҳолат қайд этилди. Айни вақтда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 46 бемор даволанмоқда.
Бугун шунингдек, Қорақалпоғистонда аҳоли орасида 2 бемор аниқланди (кетма-кет иккинчи кун), Тошкент шаҳрида ҳам 2 ҳолат қайд этилди (бу сўнгги вақтларда пойтахтда аҳоли орасида қайд этилган энг кам ҳолатдир), Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ҳам биттадан янги беморлар аҳоли орасида аниқланди.
Карантин (+247)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 202 ҳолат аниқланди.
Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 11 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.











