Жамият | 14:00 / 30.06.2020
6994
3 дақиқада ўқилади

«Асака» банк «Ёш математик» стипендияси ғолибини тақдирлади

«Асака» банк Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 31 январь куни илм-фанни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорликда Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Марказий Банк ўртасида имзоланган «йўл харитаси»га биноан «Ёш математик» стипендиясини таъсис этганди.

Бундан мақсад математика йўналишидаги қобилиятли ёшларни рағбатлантириш, уларни яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, билимини юксалтириш, интеллектуал ривожлантириш ҳамда муносиб тақдирлашдир.

«Ёш математик» стипендияси ғолиби ҳар йили 30 июнь – «Ёшлар куни» арафасида аниқланади, илк ғолиб математика йўналишида кўплаб халқаро олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети математика факультети талабаси Толибжон Исмоилов бўлди.

1999 йил Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган Толибжон 2018-2019 ўқув йилида ЎзМУ ҳамда Қори-Ниёзов стипендияларининг соҳиби бўлганди. 2018-йил Урганч шаҳрида ўтказилган Ал-Хоразмий Халқаро Математика Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган. Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида университет талабалари ўртасидаги 5-NCUMC олимпиадасида I даражали диплом(олтин медал), Республика университет талабалари ўртасидаги IV Қори-Ниёзов олимпиадасида 1-ўрин; Болгариянинг Благоевград шаҳрида бўлиб ўтган университет талабалари ўртасидаги 25-Халқаро Математика Олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлган.

Миллий Университетда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида ғолибга «Ёш математик» стипендиясининг соҳиби гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.

«Асака» банк Толибжон Исмоилов сингари иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр. Азиз ёшлар, сиз ҳам нуфузли «Ёш математик» стипедиясининг соҳиби бўлишингиз мумкин. Бунинг учун аъло ўқиш билан бирга яратувчанлик қобилиятингизни шакллантиринг ва доим билимингизни ошириб боринг. Албатта ютуққа эришасиз.

«Асака» банк – молиявий бозорда сизнинг ишончли ҳамкорингиз!

«Асака» банк Матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид