Жамият | 18:00 / 02.07.2020
22555
4 дақиқада ўқилади

«Электр ўтган жойда ҳам, йўл четида ҳам, дарё бўйида ҳам қурилиш қилинган» – Олий суд раиси ўринбосари Бўстонлиқдаги «снос»лар ҳақида

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги дачаларнинг кўпчилиги хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, аксарияти қалбаки ҳужжат билан қурилгани ҳақида гапирди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ноқонуний дала ҳовлиларнинг бузилиши бўйича пресс-тур ташкиллаштирилди. Пресс-турда иштирок этаётган Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ҳудудда олиб борилаётган «снос» ишлари бўйича изоҳ берди.

«Бўстонлиқда арзон, сифатли ва хавфсиз ҳордиқ учун муҳит яратиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун эса йўлларни, инфратузилмани тўғрилаб олишимиз керак. Бўстонлиққа сайёҳлар ҳам келади. Бундан кимга фойда? Шу ердаги халққа фойда. Маълум тўлов эвазига сайёҳнинг хизматини, чойини қилиб беради.

Аммо йўл четларида, дарё бўйида, кучли электр қуввати ўтган нуқталарда қурилиш қилиш мумкин эмас. Ҳолатни ўрганиш мобайнида электр сими ўтган жойда ҳам, йўлнинг четида ҳам қурилишлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Одамлар юришига йўлакча ҳам йўқ, уйларига қўшиб олган. Биринчи навбатда – хавфсизлик деган нарса керак. Шуни аҳолига тўғри тушунтира олишимиз керак.

Юқорида ёш болаларнинг сил касалликлари шифохонаси бор. Бутун республикадан болалар келиб даволанишади, ўқишади. Ҳатто шу ҳудудлар ҳам талон-торож қилинган. Кимдир уй қуриб олган, кимдир энди уй қуряпти», дея Ёдгоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Масъулнинг сўзларига кўра, бузилаётган уйларнинг аксарияти қалбаки ҳужжат асосида қурилган.

«Бир аёлнинг сув бўйида қурилган уйи бузиляпти. Аёл эса ижтимоий тармоққа чиқиб олиб, дод-вой солиб, уйимни огоҳлантиришсиз бузишяпти деяпти. Ваҳоланки, икки ойдан бери огоҳлантириб келяпмиз. Бу ерда қуриш мумкин эмас, деб қанча айтдик. Ҳужжатим бор деб чиқди. 2019 йилда 1998 йилги ҳужжатни қалбакилаштириб олган. Чунки қайнотаси маҳалла раиси бўлган. Ҳужжати қонуний бўлиб, жамоат эҳтиёжи учун унинг мулки ёки ери олинганида, сўзсиз компенсация бериларди. Яъни ери учун ер, уйи учун уй, агарда у уйи битгунча ижарада яшаса, ижара пули ҳам берилади.

Бу ердагиларнинг кўпчилиги ноқонуний, ҳужжати қалбаки бўлган уйга катта маблағ сарфлаган. «Дача»ларнинг кўпчилиги хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Ер беришнинг ҳам тартиб-қоидаси бор. Қурилиш қиладими, «дача» қурадими, тартибга бўйсуниши керак. Бўстонлиқ – тоғли ҳудуд. Эртага кимнингдир уйига сел келиши, турган жойи ўпирилиб тушиши мумкин. Бузилаётган уйлар 2018 йилда 20 апрелдаги ўзбошимчалик билан қурилган уйларга берилган бир марталик давлат акциясидан кейинги уйлар. Унгача бўлган уйларнинг барчасини ҳужжатлаштириб берганмиз. Давлат ҳеч кимни кўчада қолдирмоқчи эмас, ҳеч кимнинг уйини бузмоқчи эмас. Лекин ноқонуний қурилган уйларга жим қараб тура олмаймиз. Бир йил ичида 1193 гектар ер қайтариб олинди», дейди Холмўмин Ёдгоров.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси баёнида кўрсатилишича, Бўстонлиқ туманида ўтказилган хатлов жараёнида жами 338та турар ва нотурар бино эгаларига амалдаги уй-жой, ер қонунчилиги талаблари тушунтирилиб, барчасига ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бартараф этиш бўйича огоҳлантиришлар берилди.

Мавзуга оид