Ўзбекистонда шовқин чиқарувчи термопласт йўл чизиқларини синовдан ўтказиш бошланди
Чизиқлар фақатгина йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш мақсадида чизилган бўлиб, синов тариқасида қўлланилмоқда.
Наманган вилояти йўлларида шовқин чиқарувчи чизиқлар чизилиши бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда чарчоқ ҳолатида транспорт воситасини бошқариб, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиб ҳаракатланаётган ҳайдовчилар кўплаб учрамоқда. Ушбу ҳайдовчилар томонидан турли кўринишдаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳам содир бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
“Тошкент вилоятида чизилгани каби Наманган вилояти йўлларида ҳам ҳайдовчиларни ҳушёрликка чақирувчи шовқин чиқарувчи термопласт йўл чизиқлари чизилмоқда”, - дейилади хабарда.
Билдирилишича, йўлда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчилар ушбу чизиқлар устидан ҳаракатланиб ўтган вақтида шовқин юзага келади ва чарчаган ҳайдовчи шовқинни эшитиб етарлича сергакланади.
Бу чизиқлар фақатгина йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш мақсадида чизилган бўлиб, синов тариқасида қўлланилмоқда, дейилган маълумотда.