Ўзбекистон | 17:01 / 05.07.2020
45134
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 45 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Ўзбекистонда вирус қурбонлари сони 33тага етди

30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда ётқизилган 45 ёшли бемор 5 июль куни ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди. Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 33-ўлим ҳолати бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирус инфекциясига чалинган бемор шифокорга кеч мурожаат қилиши унинг вафотига сабаб бўлгани ҳақида хабар берди.

«Пойтахтлик З. 45 ёшга тўлган эди. Унда бир неча кун давомида коронавирус инфекцияси аломатлари сезилиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик кузатилган.

Аммо шундай  бўлишига қарамасдан у шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмай, уй шароитида даволаниб юрган.

Натижада шу йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан  олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга (эркак киши) юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар  ва етакчи мутахассислар томонидан керакли маслаҳат ва  телемедицина орқали бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу тариқа, Ўзбекистонда қаторасига уч кун давомида иккитадан ўлим ҳолати қайд этилмоқда. Бугун кун давомида Тошкентда 30 июнь куни коронавирус аниқланган 71 ёшли аёл оламдан ўтгани хабар қилинганди.

Ҳозиргача Тошкентда 19, Наманганда 4, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берди.

Мавзуга оид