«Пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш», деди давлат раҳбари.
Мураккаб шароитга қарамай, ушбу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда, лекин баъзи ҳудудларда бу борадаги ишлар қониқарли эмаслиги таъкидланди.
Карантин талабларининг юмшатилиши натижасида корхоналар фаолияти тикланди. Бироқ 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш кераклиги, жойлардаги раҳбарлар 9 ой якуни бўйича уларнинг камида 70 фоизини, йил якунига қадар тўлиқ қувват билан ишлашига масъул ва жавобгарлиги белгиланди.
Мамлакат миқёсидаги мутасаддиларга ҳудудларга бориб тушуми камайган корхоналар билан тизимли ишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келаётгани таъкидланди. Шу боис, тадбиркорларнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тушунарли шаклда аҳолига етказиш топшириғи берилди.

Ўтган йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг, яъни, янги бизнес субъектларининг 23 мингтаси ёки 24 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Масъул раҳбарлар улар билан мулоқот қилиши, тез фурсатларда уларни ишга тушириш чоралари кўрилиши белгиланди.
Бунда тадбиркорга кўпроқ шароит яратиб бериш, жумладан, электр, газ, сув таъминоти, йўл, кредит билан боғлиқ масалаларни ечиб бериш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Фаолият бошлаётган кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Бунда тадбиркорни махсус курсларда ўқитиш, субъектни рўйхатдан ўтказиш, асбоб-ускуна сотиб олиш харажатларининг бир қисмига грант ажратиш назарда тутилади. Ушбу тизимнинг вертикал ижросини таъминлаш учун ҳозирда фақат республика даражасида фаолият юритаётган Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ишини тумангача тушириш лозимлиги қайд этилди.
Хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун энг қулай, кўп ва юқори даромадли иш жойлари ташкил этиш мумкин бўлган 31та ўрта шаҳарларда инфратузилмани яхшилаш, ер ресурслари ва бино-иншоотлардан тўғри фойдаланиш, режалаштириш, бошқарув ва жамоат транспортини тўғри ташкил этиш аҳоли даромади ўсишига кескин туртки беради.













