Самарқандлик шифокор Эркин Ҳакимов коронавирусдан соғайгач, бошидан ўтказганларини ҳикоя қилиб берди. У ВВС ўзбек хизмати билан суҳбатда коронавирус одам организмида қанчалик қийин ўтиши ҳақида айтиб берди.

Фото: ВВС 

Рамазон вақти эди...

«Тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида комбустология-куйганлар бўлимида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайман. Касаллик шахсан менда қандай ўтганини айтадиган бўлсам, бошим кучли оғриди. Рўза тутиб юрардим, рамазон ойи вақти эди. Аввалига рўза тутганим учун шунақа бўляпти деган чалғиш бўлди. Аста-секин мадорим қурий бошлади. Лекин ҳар куни тана ҳароратимни ўлчардим – 36,7-36,8 чиқарди. Шу тарзда бир-икки кун ўтди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, 8 май, шанба куни навбатчи эдим. Кечаси билан безовта бўлиб, тана ҳароратим кўтарилиб чиқди. Жуда ҳолим ёмон бўлди, юришга мадорим йўқ эди. Шифокор бўлганим учун ўзим керакли дори-дармонларни қилдим. Уйга келганимда эса турмуш ўртоғимда ҳам безовталик, тана ҳарорати кўтарилиши кузатиляпти. Болаларимдан сўрасам, уларда ҳам шундай.

Хуллас, учинчи кун менда аниқ коронавирус аломатлари юзага чиқа бошлади. 11 май куни мени Самаранд вилоятидаги инфекцион касалликлар шифохонасига ётқизишди. Бир кун қараб кўришди – аҳволим ёмон, ўзим менга укол-дори қилмасаларинг бўлмайди, деб айтдим».

«Тун бўйи ўлим билан олишдим...»

«Одамларга ваҳимали туюлмасин дейман-у, лекин айтишим керак – бу бор нарса ва оғир ўтади. Айниқса, ортиқча вазнга эга ёки бирор касаллиги бор одамларда, вақтини ўтказиб юборса, яширса, оғир ўтади. Мен ўзим 9 майдан 10 майга ўтар кечаси ўлим билан олишиб чиққанман. Шу даражадаки, нафас ололмайман. Худо деб тонг оттирдим. Аёлим бошимда ўтириб чиқди, ўзининг ҳам мазаси йўқ, аммо кечаси билан кузатиб чиқди, ҳар замон туртиб-туртиб нима бўляпти сизга дейди, мен эса ҳеч нарсани билмайман».

Касалликнинг юқиши

«Ўша вақтларда карантинга олинган Тойлоқ туманидан икки яшар 60 фоизи сутга куйиб қолган оғир бемор келди. Уни олиб келишган шифохона карантинга олинган эди. Лекин аҳволи ўта оғир, уни сақлаб қолиш керак эди. Шу сабабдан беморни бизга ўтказишган. Онаси ҳам шу ерда эди, бемор билан ҳам даволаш учун мулоқот қилдик. Асосий тахминимиз шу».