«Коронавирусдан уйда даволаниш ҳам бевосита ҳудудий поликлиникалар кузатуви остида, шифокорлар назорати остида амалга оширилади. Зинҳор бирор-бир даволаш чорасини тиббиёт ходимларининг маслаҳатисиз қилиш керак эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан уй шароитида даволаниш бўйича тартиб ишлаб чиқилган. Ушбу тартибга мувофиқ, бир неча препаратлар, хусусан азитромицин, «Плаквенил» (гидроксихлорохин), лопинавир/ритонавир, ремдесивир, умифеновир ва фавипиравир каби дорилар тавсия этилади.

Бу дориларнинг барчаси профилактика мақсадида, касаллик юқишининг олдини олиш учун ҳам ишлатилиши мумкинлиги айтиляпти. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз бу каби дориларни ўзингиз эмас, тиббиёт ходимларининг тавсиясига асосан олишингиз ва қабул қилишингиз керак бўлади.

Сизнинг энг асосий вазифангиз – иммунитетингизни барқарор ушлаб туриш учун имкониятларни ишга солиш», деганди эпидемиолог АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Бош давлат санитария инспекторининг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди ва уларнинг аксариятида мазкур дориларнинг профилактика мақсадида қўлланмаслиги билдирилди.

Хусусан, шифокор Азизбек Болтаев ўз саҳифаларида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирган:

«Бош давлат санитария инспектори, профессор Нурмат Отабеков эргоферонни профилактика мақсадида қабул қилишга қарши чиқди. Бу учун раҳмат! Лекин бу гап билан чекланмасдан у киши азитромицин, плаквенил ва бир қатор вирусга қарши дориларни профилактика мақсадида шифокор тавсиясига асосан ичиш мумкин, деб хато фикр бериб ўтдилар. Гап шундаки, Отабеков ўз нутқи давомида тилга олган Covid-19 бўйича миллий даво қўлланмасида бирор-бир дорини профилактик мақсадда ичиш тавсия этилмаган, деб аниқ ёзиб қўйилган.

Бундай тавсияларни ОАВ орқали айтганда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ҳалқимизнинг дорихонага югуриб керак-керакмас дориларни харид қилиб ичишга мойиллиги бор».

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш учун Нурмат Отабеков билан боғланди.

«Албатта мен бундай мазмундаги фикрларга қўшиламан. Брифинг пайтида дориларнинг номларини айтиш, истасак-истамасак ушбу дориларни тарғиб қилишга ўхшаб кетади. Мен эпидемиологман, даволовчи шифокор эмасман. Шунинг учун хам шифокорлар тавсиясига асосан деган фикрни қайта-қайта айтдим.