14 июль куни кечки пайт Беларусь аҳолиси Марказий сайов комиссияси томонидан Виктор Бабарико ва Валерий Цепкалонинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаганидан норози бўлиб кўчаларга чиқишди. Бу икки номзод 9 августда бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларида мамлакатнинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенкога жиддий рақобатчи бўлиши кутилганди.

Норозилик намойишлари Минск, Брест, Гомель, Гродно, Могилев, Молодечно ва Беларуснинг яна бир қатор бошқа шаҳарларида бўлиб ўтган. Намойишларнинг ҳар бирида бир неча ўн нафардан бир неча юз нафаргача одам қатнашган. Энг катта намойиш Минскда бўлиб ўтган.

Беларусь: Бабарико сайловга қўйилмади. У Лукашенконинг асосий рақиби бўлиши кутилганди

Беларусь пойтахтида намойишга чиққан одамларнинг сонини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Tut.by сайти тарқатган хабарга кўра, бу намойишда одамлар кичик-кичик гуруҳларга тўпланган ва полиция томонидан намойишчиларни ҳибсга олиш бошланганида одамлар тез тарқаб кетган.

Минскда норозилик намойишлари кечки пайт бошланган. Одамлар ушбу намойишларда қатнашиш учун шаҳарнинг турли чеккаларидан йиғилиб келган. Уларнинг бир қисми велосипедларда бўлган. Намойишчилар Мустақиллик хиёбони бўйлаб ҳаракатланган. Йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг аксарият қисми намойишчилар билан бирдам эканлигини изҳор қилган.

Қисқа вақт ичида намойиш бўлиб ўтаётган жойга полиция бўлинмалари етиб келган ва намойишчиларни ҳибсга ола бошлаган. Полициячилар ва фуқаролик кийимидаги одамлар намойишчиларга қўшиб журналистларни ҳам ҳибсга олишга киришган. Намойишчилар бунга жавобан «Уят, уят» деб бақиришган.

Намойишчиларни ҳибсга олиш чоғида полиция ходимлари аёвсиз тарзда ҳаракатланган. Намойишчиларнинг қўлларини қайириб азоб беришган, калтаклашган, тепкилашган. Қочишга уринганларни ҳам аяшмаган. Ҳибсга олинган намойишчиларни олиб кетиш учун махсус машинага тиқишган.

Минскдаги намойишчиларнинг аксариятини Ғалаба майдонида, цирк олдида ва Немига марказий кўчасида ҳибсга олишган. Кечки соат 9да Минскда намойишчилар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бошланган. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолардан бирида намойишчилар оломони полициячиларга қарши қандай ташлангани акс этган. Бу ҳамла туфайли милиция ҳибсга олган намойишчи қочиб кетади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, намойишчилар турли хил «Милиция халқ билан!», «Уят!» каби шиорларни кўтариб олган бўлган.