«Туронбанк» фуқароларга омонатлари қайтарилмаётгани ҳақидаги мақолага муносабат билдирди
Kun.uz сайтида «Туронбанк»нинг Зангиота филиали томонидан фуқаролар Зиёда ва Фотима Мусахўжаеваларнинг 100 минг АҚШ доллари миқдордаги омонат пуллари суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлишига қарамай қайтарилмаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.
Ушбу мақола бўйича «Туронбанк» Республика бошқаруви муносабат билдирди.
«Мақолада фуқаролар номидан келтирилган «Яқинлари «Туронбанк»нинг Зангиота филиалини ишончли давлат банки деб тавсия қилишгани учун, жамғарган пулларини шу банкка қўйишга қарор қилишган» жумласида хатоликка йўл қўйилган. Чунки 2009 йил «Туронбанк» АТБ хусусий банк сифатида фаолият юритган. Мақолада баён этган ушбу фикр фуқароларнинг давлат банкларига бўлган ишончини сўндириш, уларда асоссиз қўрқув ва шубҳанинг туғилишига олиб келиши мумкин.
Мақоланинг сарлавҳасида «Туронбанк» фуқароларнинг омонатдаги 100 минг долларини бермаяпти» деб ёзилиши гўёки бу ерда гап банкнинг барча омонатчилари ҳақида юритилаётгандек маънони бермоқда. Ваҳоланки бу ерда фақат икки нафар фуқаронинг омонат пуллари ҳақида гап кетмоқда.
Бу сарлавҳа «Туронбанк»ка умид билдирган мижозларнинг фикрларини чалғитиши, улар банкка жойлаган омонатларининг ишончли муҳофаза қилинишига шубҳа уйғотиши мумкин.
Ҳозирда «Туронбанк» омонат маблағини банкнинг 2009–2010 йилларда ишлаган собиқ ходими фирибгарлик йўли билан эгаллаган деб ҳисоблайди ва бунга ишонади. Шу боис, мазкур масала Зангиота туман прокуратураси томонидан олиб борилаётган қўшимча тергов ҳаракатлари якунлангандан сўнг оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», дейилади банкнинг Республика Бошқаруви тақдим этган муносабатда.
Мавзуга оид
17:00 / 25.06.2024
Туронбанк ёшлари учун Бухорода “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди
19:00 / 14.03.2024
Туронбанк талабаларни ўқиш давридаёқ мутахассисга айлантирмоқда
08:59 / 30.06.2023
Туронбанкнинг ёшлар лойиҳаси 400 нафар талабани қамраб олди
19:00 / 07.06.2023