Расмий статистикага асосан, жами қурбонлар 83 нафар етди. Сирдарёда ҳам илк қурбон берилди ва вирус оқибатида ўлим юз бермаган ҳудуд сифатида фақатгина Андижон вилояти қолмоқда.
Биринчи ўлим
Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 67 ёшли Н.С.да (эркак) 14 июль куни коронавирус тасдиқланган ва у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Унга COVID-19 касаллигининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги билан кечган.
Шунингдек, гипертония, артериал гипертензия ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Иккинчи ўлим
Шайхонтоҳур туманида яшаган 49 ёшли А.А. (эркак)да 14 июль куни коронавирус тасдиқланган ва у Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар ҳам аниқланган.
17 июль куни мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, гипертония ва артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар фонида беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигининг 4-даражаси ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этди.
Учинчи ўлим
Гулистон туманида яшаган 69 ёшли Т.С. (эркак)да 11 июль куни коронавирус тасдиқланган ва Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
Беморга миокард инфаркти, COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.
Бемор бундан аввал 29 июнь куни миокард инфаркти ташхиси билан Гулистон тумани марказий шифохонасида даволанган. Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг ва семизликнинг 3-даражалари борлиги аниқланган.
Ушбу ҳамроҳ касалликлар фонида ташхис қўйилган касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган бемор, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.








