Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ учун ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, — деганлар.

Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоятлари.

Юқоридаги муборак ҳадиси шариф биз ҳозирда истиқомат қилиб турганимиз ҳижрий-шамсий йилнинг 11-ойи бўлмиш Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ҳақидадир.

Маълумот ўрнида 1441 ҳижрий-шамсий йилнинг Зулҳижжа ойининг 1-10-кунлари 2020 милодий йилнинг 22-31 июл кунларига тўғри келмоқда.

Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баъзи нарсалар билан қасам ичган, муфассирларнинг айтишича, бу қасам ичилган нарсалар Аллоҳ таоло наздида қадри баландлигидан далолатдир. Хусусан, Қуръони Каримнинг Фажр сураси 1-2 оятларида “Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, «ўн кеча» билан”, - дея эълон қилади.

Машҳур муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ суранинг иккинчи оятидаги “ўн кеча”ни тафсир қилар эканлар, улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, бу “ўн кун”дан мурод Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир, деганлар.

Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг ва бу кунлардаги амалларнинг фазилатлари борасида Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиздан кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил, такбир ва Аллоҳга ҳамдларни кўпайтиринглар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Таҳлил — Лаа илааҳа иллаллоҳ;  

Такбир — Аллоҳу акбар;

Ҳамд — Алҳамдулиллаҳ, дейишликдир.

Тобеинлардан Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Зулҳижжанинг ўн куни кирганда солиҳ амаллар ва ибодатга шу даражада киришиб, амал қилганларки, ҳатто охирига бориб қодир бўлмай қолганлар. Азизлар, саҳобийлар ва уларга эргашганларнинг амали солиҳ ва ибодатлар масаласидаги ғам-ташвишлари, ҳар бир кунни ғанимат билишлари шундай бўлган.