Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, Қонун лойиҳасига янги «аутстаффинг» тушунчаси киритилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларининг маълум қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мазкур қонун муҳокамасига бағишланган ялпи мажлисларида Федерация вакиллари иштироки таъминланмаган.

Ҳозирда, қонунга аутстаффинг тушунчаси киритилишига касаба уюшмалари эътироз билдирмоқда.

2020 йил 8 мартда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасида «Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси билан келишиб олиниши шарт», деб белгиланган.

Шунга қарамасдан мазкур қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда касаба уюшмалари томонидан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси розилигини олмасдан қабул қилинган ва Олий Мажлис Сенатига киритилган.

Маълум бўлишича, мазкур қонун лойиҳасининг Халқаро меҳнат ташкилотига тақдим этилган матнида ҳам «аутстаффинг» тушунчаси мавжуд бўлмаган.

Хўш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга масъул бўлган касаба уюшмалари нима учун бу янгиликка қаршилик қилмоқда?

Ҳуқуқий адабиётлар ва интерент маълумотларига кўра, бирорта юридик шахснинг штатдаги ходими бошқа юридик шахс томонидан (штатга олмасдан) ишга ёлланиши (яъни ходимни ижарага бериш) аутстаффинг ҳисобланади.

Аутстаффингнинг ижарага олинган (заёмный) меҳнатдан фарқи шундаки, аутстаффинг қўлланганда ходим бошқа иш берувчининг ихтиёрига фақат унинг ўз розилиги билан жўнатилади.

Аутстаффинг (ижарага олинган меҳнат каби) ходимнинг эмас, балки иш берувчининг манфаатини кўпроқ ҳимоя қилади, чунки бу усул ходимларни сақлаб туриш харажатларини иқтисод қилиш имконини яратади.

Аутстаффинг ходимларининг меҳнат шароитлари штатдаги ходимларникидан анча ёмон бўлиб, уларга пастроқ иш ҳақи тўланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Одатда қабул қилувчи ташкилотда ўрнатилган юқорироқ меҳнат стандартлари (масалан, устамалар, қўшимча тўловлар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, компенсациялар ва ҳоказолар) аутсафферларга нисбатан татбиқ этилмайди.